Пешку туманида бугун “Наврўз – янгиланиш ва эзгулик тантанаси” байрами кенг нишонланди
2026-03-18 17:10:00 / Янгиликлар

Тадбирлар давомида янграган жозибали куй-қўшиқлар, санъаткорларнинг юракдан ижро этилган чиқишлари Наврўзнинг бетакрор руҳини янада юксалтирди. Ёшлар томонидан намойиш этилган миллий ва замонавий рақслар эса авлодлар давомийлиги, анъана ва замонавийлик уйғунлигини акс эттириб, томошабинларга алоҳида завқ бағишлади. Спорт мусобақалари, халқ ўйинлари ва беллашувлар эса байрамга жўшқинлик бахш этиб, соғлом турмуш тарзининг нақадар муҳим эканини яна бир бор намоён қилди.
Айниқса, Наврўзга хос миллий удумлар — сумалак сайиллари, миллий таомлар кўргазмалари, халқ амалий санъати намуналари, қадимий урф-одатлар асосида саҳналаштирилган чиқишлар барчада чуқур таассурот қолдирди. Бу жараёнлар орқали аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган бой маънавий қадриятлар, миллий ўзлик ва бирлик туйғуси янада мустаҳкамланди.
Байрамга ташриф буюрган фуқаролар самимий, илиқ ва дўстона муҳитдан баҳраманд бўлиб, ўзаро меҳр-оқибат, ҳурмат ва эҳтиромни ҳис этдилар. Кексалар дуога қўл очиб, ёшларга эзгу тилаклар билдирди, ёшлар эса катта авлоддан сабоқ олиб, миллий қадриятларга садоқат руҳида бирлашдилар. Кексаю ёш бирдек Наврўз шодиёнасидан баҳра олиб, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, фаровон ҳаётдан мамнун эканликларини чуқур ҳис этдилар.
Наврўз — бу шунчаки байрам эмас, балки инсон қалбини поклайдиган, меҳр-муҳаббатни кучайтирадиган, табиат ва жамият уйғунлигини тараннум этадиган улуғ айёмдир. У ҳар бир юртдошимизни эзгуликка, бағрикенгликка, ўзаро ҳурмат ва бирдамликка чорлайди. Шу боис ҳам Наврўз сайиллари туманда нафақат тантана, балки маънавий янгиланиш, қалблар уйғониши ва келажакка бўлган ишонч байрамига айланди.







