Рамазон – фазилат ва мағфират ойи, қалблар покланадиган, эзгулик ва саховат янада юксаладиган муборак фаслдир.
2026-02-23 20:05:00 / Янгиликлар

Рамазон ойининг ўзига хос гўзалликларидан бири – ифторликлардир. Ифторлик – бу шунчаки дастурхон ёзиш эмас, балки меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик тимсолидир. Бир дастурхон атрофида жам бўлган инсонлар ўзаро суҳбат қуриб, аҳил-иноқликни мустаҳкамлайди. Айниқса, нуронийлар ва ёшлар биргаликда ўтирган ифторликлар авлодлар ўртасидаги боғлиқликни кучайтиради.
Ҳадиси шарифда: “Кимки бир рўзадорни ифтор қилдириб, қорнини тўйдирса, унинг савобидан камайтирилмасдан унга ҳам берилади”, деган мазмундаги хушхабар келтирилган. Бу ҳадис Рамазонда саховат кўрсатиш, эҳтиёжмандларга ёрдам бериш нақадар улуғ амал эканини билдиради. Зеро, бу ой – меҳр улашиш, кўнгил олиш, савоб ишларни кўпайтириш ойидир.
Жорий йилда Пешку туманидаги барча маҳаллаларда маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда маҳалла “еттилиги” ташаббуси билан кенг кўламли хайрия тадбирлари амалга оширилмоқда. Хусусан, аҳоли хонадонларига ташрифлар уюштирилиб, кексалар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинмоқда. Маҳаллани ривожлантириш жамғармаси ҳамда саховатпеша ҳомийлар кўмагида хонадонларда ифторлик дастурхонлари ёзилиб, эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда.
Шунингдек, айрим хонадонларда уй-жойларни таъмирлаш, том қисмини янгилаш, зарур қурилиш материаллари билан таъминлаш каби амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Бу ишлар нафақат моддий кўмак, балки инсон қалбига таскин берувчи, жамиятда ўзаро меҳр ва ишончни мустаҳкамловчи эзгу амаллардир.
Бу каби савобли тадбирлар муборак ой давомида изчил давом эттирилиб, аҳолининг розилигини олиш, шукроналик ва бирдамлик туйғуларини кучайтириш мақсад қилинган. Рамазон ойининг файзу баракаси билан амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар жамиятимизда эзгулик, ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик фазилатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.


