Пешку тумани Навгаҳон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор Камолов Руслан Раҳматилло ўғлининг ишлаб чиқариш лойиҳаси
2026-02-07 16:35:00 / Янгиликлар

Лойиҳанинг умумий қиймати 1,5 млрд сўмни ташкил этиб, шундан 415 млн сўми имтиёзли банк кредити ҳисобидан ажратилди. Мазкур маблағлар замонавий ун тортиш ускуналарини харид қилиш, ишлаб чиқариш майдонини тайёрлаш ҳамда технологик жараёнларни йўлга қўйишга йўналтирилди.
Лойиҳанинг мақсади – ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш, аҳолини сифатли ун маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда нарх барқарорлигига ҳисса қўшишдан иборат. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қўшимча қиймат яратиш ва фермер хўжаликлари билан кооперацияни ривожлантириш кўзда тутилган.
Ташкил этилган корхонада асосан олий ва биринчи навли ун, кепак, чорва учун омухта ем каби маҳсулотлар бозорга чиқарилади. Мазкур маҳсулотлар туман ва қўшни ҳудудлардаги аҳоли, нон ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар ҳамда чорвачилик хўжаликларига етказиб берилиши режалаштирилган.
Ишлаб чиқариш қуввати ойига 150 тоннани ташкил этиб, ўртача йиллик айланма даромад 2,8–3,2 млрд сўм атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Лойиҳа тўлиқ қувватга чиққанидан сўнг бюджетга йиллик солиқ тушумлари 180–220 млн сўм миқдорида шаклланиши кутилмоқда.
Лойиҳанинг ижтимоий аҳамияти юқори бўлиб, уни амалга ошириш натижасида 5 та доимий янги иш ўрни яратилди, ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этилишига замин яратилди. Бундан ташқари, ҳудудда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажми ортиб, аҳоли даромадларини ошириш ва иқтисодий фаолликни кучайтиришга ижобий таъсир кўрсатмоқда.




