Пешку: Қазоқова Моҳидил иссиқхонасидан ярим йилда 65 миллион сўм даромадга эришди
2026-01-24 14:55:00 / Янгиликлар

Маҳаллада ҳозирда 16 тадан ортиқ оила ижтимоий муҳофазага олинган бўлиб, уларни қўллаб-қувватлаш, даромад манбаини яратиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида тизимли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу тадбирлар аҳолининг томорқа ерларига бўлган муносабатини тубдан ўзгартиришга хизмат қилмоқда.
Ана шундай ташаббускор ва меҳнацевар хонадонлардан бири Қазоқова Моҳидил Тиллоевна бўлиб, у томорқа еридан оқилона фойдаланиш орқали рўзғор фаровонлигини ошириш мумкинлигини амалий мисолда кўрсатиб бермоқда. У ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, деҳқончилик фаолиятини замонавий усуллар асосида йўлга қўйди.
Қазоқова Моҳидил Тиллоевна ўзига тегишли 10 сотих томорқа ерида иссиқхона қуриб, қисқа муддат ичида мўмай даромад келтирувчи деҳқончилик фаолиятини йўлга қўйди. Бугунги кунда иссиқхонанинг 10 сотих майдонида серҳосил қулупнай етиштирилмоқда. Ушбу тажриба маҳалла аҳолиси учун ҳам яхши намуна бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур қулупнай Кореянинг “Сён Хин” навига мансуб бўлиб, плёнка остида кокос қипиғидан тайёрланган жўякларда, гидропоника усулида парвариш қилинмоқда. Замонавий агротехнологиялар қўлланилгани ҳосилдорликни янада оширишга хизмат қилмоқда. Жўяклар бўйлаб томчилатиб суғориш тизими ўрнатилган бўлиб, сувдан тежамкорлик билан фойдаланилмоқда.
— Ҳозирда етиштирилаётган қулупнайларимизнинг ҳар бир килограмми 150 минг сўмдан ортиқ нархда харид қилинмоқда. Маҳалламиздаги савдо дўкони орқали сотяпмиз, — дейди иссиқхона эгаси Қазоқова Моҳидил Тиллоевна. Унинг айтишича, маҳсулотга бўлган талаб кун сайин ортиб бормоқда.
Айни пайтда жўякларда иккинчи терим ҳосили ҳам пишиб етилмоқда. Натижада 10 сотих томорқа еридан олинаётган умумий даромад 65–70 миллион сўмни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич томорқа ерларидан унумли фойдаланиш орқали қисқа фурсатда барқарор ва юқори даромадга эришиш мумкинлигини яққол кўрсатиб турибди.
Мазкур тажриба бошқа хонадонлар учун ҳам ўрнак бўлиб, маҳаллада томорқачилик ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга ижобий туртки бермоқда.








