Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вакиллари Миграция агентлиги фаолияти билан танишдилар
2025-10-09 16:40:00 / Янгиликлар

2025 йил 9 октабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзолари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигига ташриф буюришди.
Учрашув давомида депутатларга агентликнинг асосий йўналишлари, ташқи меҳнат миграциясини самарали ташкил этиш, фуқароларнинг қонуний ва хавфсиз меҳнат фаолиятини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, делегацияга агентлик томонидан 2025 йил 5 март ва 29 июль кунлари ўтказилган коррупцияга қарши курашиш бўйича кенгайтирилган йиғилишларда белгиланган вазифалар ижроси ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ахборот тақдим этилди.
Ташриф давомида меҳнат миграцияси соҳасида коррупциявий ҳолатларни олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Айниқса, айрим хусусий консалтинг фирмалари томонидан фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш бўйича ноқонуний фаолият юритилаётганлиги, натижада кўплаб фуқароларнинг алданиб қолаётганлиги ҳақида фикр алмашилди. Бу борада ноқонуний миграцияни ташкил этган шахсларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш ҳамда тегишли ҳуқуқий нормаларни қонунчиликка киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.
Учрашув якунида Миграция агентлиги ва қўмита аъзолари ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва хабардорлигини ошириш, меҳнат миграцияси жараёнларини шаффоф ва самарали ташкил этиш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олдилар.






