Очиқликни таъминлаш ҳақидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги юзасидан шикоят қилиш тартиби
Батафсил: PDF 0.2MB
Очиқликни таъминлаш ҳақидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги юзасидан шикоят қилиш тартиби
Очиқликни таъминлаш ҳақидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги юзасидан шикоят қилиш «Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида»ги Низом асосида амалга оширилади.
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддаси, Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги Намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида” 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарорига мувофиқ, Иқтисодиёт ва молия вазирлигида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартибини белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар вазирликга шикоят билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
Мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда берилиши мумкин.
Мурожаатлар, уларнинг шакли ва туридан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга.
Вазирликнинг “Ишонч телефони”га келиб тушган мурожаатлар оғзаки мурожаат сифатида мазкур Низомда белгиланган тартибда қайд этилади, рўйхатга олинади ва кўриб чиқилади.
Вазирликнинг расмий веб-сайти орқали ёки расмий электрон почта манзилига келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ва ушбу Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган шикоятлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 июндаги 188-сон қарори билан тасдиқланган “Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали тўғрисида”ги низом талаблари асосида Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Оммавий ахборот воситалари таҳририятларидан келиб тушган мурожаатлар Қонунда ҳамда ушбу Низомда назарда тутилган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилади.
Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.
Жисмоний ва юридик шахслар якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
Мурожаатларга қўйиладиган талаблар:
Жисмоний шахснинг мурожаатида жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар бўлиши керак.
Юридик шахснинг мурожаатда юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.
Жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатида давлат органининг, ташкилотнинг аниқ номи, мурожаат юборилаётган мансабдор шахснинг лавозими ва (ёки) фамилияси (исми, отасининг исми) кўрсатилган, шунингдек шикоятнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.
Мурожаатларда мурожаат этувчининг электрон почта манзили, алоқа телефонлари ва факс рақамлари кўрсатилиши мумкин.
Мурожаат этувчиларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши керак.
Ёзма мурожаат мурожаат этувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки шикоят этувчи юридик шахс ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим.
Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат этувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.
Электрон мурожаат белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологиялари воситасида берилган, шу жумладан давлат органининг, ташкилотнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилган мурожаат ҳисобланиб, мазкур мурожаатлар қонунда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.
Жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган, шунингдек идентификация қилиш имкониятини бермайдиган электрон мурожаат ёхуд имзо билан тасдиқланмаган ёзма мурожаат аноним мурожаат ҳисобланади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш учун юбориш, шунингдек унинг кўриб чиқилишини назорат қилиш вазирликнинг мурожаатлар билан ишлаш бўлими ходимлари томонидан амалга оширилади.
Мурожаат ёзма ёки электрон тарзда рўйхатга олиниши мумкин.
Мурожаатларни бериш муддатлари, қоида тариқасида белгиланмайди. Айрим ҳолларда, агар бу вазирликнинг мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича имкониятларига, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ўз вақтида амалга ошириш ва ҳимоя қилишни таъминлаш заруратига боғлиқ бўлса, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра, шикоятни бериш муддати белгиланиши мумкин.
Буйсунув тартибида юқори турувчи органга ариза ёки шикоят жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузувчи ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этилганлиги ёхуд қарор қабул қилинганлиги маълум бўлган пайтдан эътиборан узоғи билан бир ойдан кечиктирмай берилади.
Мурожаат беришнинг узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган муддати аризани ёки шикоятни кўриб чиқувчи вазирлик томонидан тикланади.
Жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатини у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган пайтда мурожаат бўйича қарор қабул қилиниб, ёзма ва электрон шаклда ариза бериш йўли билан чақириб олиш ҳуқуқига эга. Бундай ариза тушган тақдирда мурожаатни кўриб чиқиш тўхтатилади ва уч кун мобайнида мурожаат божхона органининг хати билан мурожаат қилувчига қайтарилади.
Мурожаатларни кўриб чиқиш муддати вазирликка келиб тушган кундан бошлаб ҳисобланади. Агар тегишли муддатнинг охирги куни дам олиш ва (ёки) байрам кунларига тўғри келса, кейинги иш куни муддат тугайдиган кун ҳисобланади.
Мурожаатни рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.
Вазир ва вазир ўринбосарлари, бунга ваколат берилган бошқа мансабдор шахсга оммавий қабуллар вақтида тушган ва жойида ҳал этилган оғзаки мурожаатларни рўйхатдан ўтказиш талаб қилинмайди. Бунда жисмоний шахснинг ёки юридик шахс вакилининг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар, мурожаатнинг қисқача мазмуни, шунингдек, уни кўриб чиқиш натижаси оммавий қабул баённомасида кўрсатилади.
Рўйхатга олинган мурожаатлар келиб тушган пайтидан бошлаб бир иш кунидан кечикмай вазир ёки унинг ўринбосарларига киритилади, у масъул таркибий тузилма раҳбарини белгилаган ҳолда мурожаат бўйича ўзининг муносабат белгисини (резолюция) қўяди.
Резолюция (топшириқнома) қўйилган пайтдан бошлаб иш кунининг ўзида электрон дастурга киритилиб, ижрочиларга юборилади. Ижрочилар электрон дастур орқали юборилган мурожаат ва раҳбар топшириғи билан 1 кун муддатда танишиши ҳамда ижроси учун тегишли чораларни кўриши лозим.
Вазирликга келиб тушган мурожаатлар вазирликнинг иш юритувига қабул қилиниши бўйсуниш тартибида вазирликнинг таркибий ҳамда тасарруфий қуйи тузилмасига юборилиши ёки тегишлилиги бўйича бошқа давлат органига юборилиши мумкин.
Вазирлик ваколати доирасига кирмайдиган масалалар бўйича келган мурожаатлар беш кун муддатдан кечиктирилмай тегишли давлат органларига вазир ва вазир ўринбосарлари, аппарати таркибий тузилмалари ёки ҳудудий бошқармалар раҳбарлари томонидан имзоланган хат билан юборилади ҳамда бу ҳақда мурожаат қилувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади.
Мурожаат кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади.
Агар шикоятларда уларни тегишли органларга юбориш учун зарур бўлган маълумотлар мавжуд бўлмаса, у ҳолда улар беш кун муддатдан кечиктирмай асослантирилган тушунтириш билан мурожаат қилувчига қайтарилади.
Мурожаат тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқиш учун қўшимча маълумотлар ва материалларга зарурат пайдо бўлган тақдирда, мазкур мурожаатни кўриб чиқаётган ижрочи мурожаат этган жисмоний ёки юридик шахсдан, шунингдек ўз ваколатлари доирасида бошқа давлат органларидан қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин.
Агар ахборот давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, божхона органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ўзларидан сўралаётган ахборотни ўн кун ичида тақдим этиши шарт.
Вазирлик мансабдор шахсларига келиб тушган ва мазмунан ҳал этиши шарт бўлган ариза ёки шикоятлар ўн беш кун мобайнида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.
Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирларни кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари вазирлик мансабдор шахслари томонидан, истисно тариқасида кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар берилади.
Мурожаат бўйича муаллифга асосланган батафсил жавоб хати юборилгандан сўнг Мурожаатлар билан ишлаш бўлими(ёки гуруҳи) масъул ходимлари томонидан назоратдан ечилади.
Жисмоний шахс ва юридик шахс вакили вазирлик раҳбариятига ёхуд уларнинг мансабдор шахсларга видеоконференцалоқа воситасида шикоят бериши, олдиндан тасдиқланган махсус ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда видео-конференцалоқа жадвал орқали амалга оширилади.
Бунинг учун мурожаат этувчи видео-конференцалоқа ўрнатилган тегишли вазирликка белгиланган тартибда ариза билан мурожаат қилади. Ариза электрон шаклда берилиши мумкин.
