«IT CAREER EVENT – 2025»: ёшлар билан очиқ мулоқот ва ривожланиш имкониятлари юзасидан Ўзбекистондаги етакчи ОТМ талабалари ва «IT» академияларининг илғор талабалари билан учрашув ташкил этилди
2025-05-07 16:25:00 / Вазирлик янгиликлари

Тадбирнинг асосий мақсади – иқтидорли ва замонавий билимларга эга ёшларни иқтисодиёт ва молия соҳаларига жалб этиш, уларни соҳага оид долзарб янгиликлар, рақамли ечимлар ва сунъий интеллект асосидаги лойиҳалар билан таништириш ва бандлигини таъминлашдан иборат бўлди.
Вазирлик раҳбарияти таъкидлаганидек, бугунги кунда ахборот технологиялари давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, буджет очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлашда муҳим воситага айланмоқда. Айниқса, электрон буджет тизимлари, реал вақт режимидаги назорат, харажатларни таҳлил қилиш ва оптималлаштириш имконини берувчи сунъий интеллект ечимлари келажакда давлат молиясини самарали бошқаришда муҳим ўрин тутади.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан белгиланганидек, «Ёшлар – ахборот технологиялари ривожининг бош ҳаракатлантирувчи кучига айланиши лозим.» Шу боис, ёш мутахассисларни соҳаларга фаол жалб қилиш устувор вазифа саналади.
Тадбир давомида:
- Талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан вазирлик мутасаддилари билан бевосита мулоқот олиб борди;
- ИТ йўналишлари – Software, Hardware ва Analytics бўйича тест синовлари ўтказилди;
- Ютуқли ўринларни эгаллаган ёшларга зарур техник воситалар ва эсдалик совғалари топширилди.
Бундан ташқари, Ахборот технологиялари маркази ва вазирлик IT департаментида амалиёт ўташ, истиқболли ёшларни ишга таклиф қилиш имкониятлари тақдим этилди.
«IT CAREER EVENT – 2025» орқали иқтидорли ёшлар билан очиқ мулоқот платформаси шакллантирилиб, улар учун келажакдаги касбий йўналишда муҳим қадамлар қўйилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати









