Олий Мажлис Сенати билан ҳамкорликда “Гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш” бўйича семинар ўтказилмоқда
2025-10-28 20:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 28 майдаги “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлаш ҳақида” СҚ-297-IV сонли қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва маҳаллий бюджет лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида гендер жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда уларни гендер экспертизасидан ўтказиш, “Гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш”ни режалаштириш ҳамда уни бюджет жараёнларига босқичма-босқич жорий этиш белгиланган.
Шунингдек, жорий йилда Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси томонидан “Дастурий бюджетлаштириш жорий этилаётган пилот вазирлик ва идораларда Гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш бўйича 2025–2026 йилларда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар” тасдиқланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 28 октябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан “БМТ аёллар” тузилмаси (UN Women) ҳамда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси билан ҳамкорликда вазирлик ва идоралар ходимларининг гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ўқув семинари ташкил этилди.
Мазкур семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Козихонова, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Рахимова, Европа Иттифоқи делегацияси вакили Рената Вробел ҳамда халқаро ҳамкор ташкилотлар, шунингдек, манфаатдор вазирлик ва идоралар ходимлари иштирок этди. Ушбу семинар “БМТ аёллар” тузилмасининг маслаҳатчиси Эрмира Лубани ҳамда консультант Блерина Хҳани томонидан ўтказилмоқда.
Семинар аввалида тегишли мутасадди раҳбарлар сўзга чиқиб, гендерга йўналтирилган бюджетлаштиришни давлат молиясини бошқариш тизимига жорий этишнинг аҳамияти борасида тўхталиб ўтишди. Хусусан, ушбу тизим давлат харажатларини устувор йўналишлардан келиб чиқиб ҳамда аёллар ва эркаклар учун тенг тарзда амалга ошириш орқали гендер тафовутларини бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг шаффофлиги, ҳисобдорлиги ва назоратини таъминлашга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Бундан ташқари, давлат молиясини бошқариш ислоҳоти доирасида синов тариқасида дастурий бюджетлаштириш жорий этилаётган пилот вазирликларда 2026 йил учун бюджет дастурларига гендер тенглиги бўйича мақсадли кўрсаткичларни жорий этиш ишлари бошлангани кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, семинарда нинг халқаро экспертлари томонидан гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш тизимини жорий этиш истиқболлари ва ушбу йўналишнинг халқаро тажрибада қўлланилиши бўйича иштирокчилар учун тақдимот ўтказилди ҳамда амалий трейнинглар ташкил этилди.
Ушбу ўқув семинари жорий йилнинг 30 октябрь кунигача давом этиши кўзда тутилган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати





