Давлат иштирокидаги корхоналар Кузатув Кенгашлари мустақил аъзоларининг иккинчи халқаро форуми ўтказилди
2025-10-28 20:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Жорий йилнинг 28 октябрь куни давлат иштирокидаги корхоналар Кузатув Кенгашлари мустақил аъзоларининг иккинчи халқаро форуми бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда “UzAssets” АЖ томонидан ташкил этилди.
Форумнинг асосий мақсади давлат иштирокидаги корхоналарни трансформация қилиш, корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш ва давлат активларини самарали бошқариш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Ушбу жараёнлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги стратегик ташаббуслар доирасида амалга оширилаётгани таъкидланди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан корпоратив бошқарувни янада такомиллаштириш ва давлат корхоналарининг инвестицион жозибадорлигини ошириш бўйича устувор вазифалар белгиланди.
Очилиш қисмида, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршед Мустафаев сўнгги бир йил давомида давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарув, шаффофлик ва инвестицион жозибадорликни ошириш бўйича амалга оширилган ишлар ва натижаларни юқори баҳолади.
Мустақил аъзоларнинг юқори малакаси туфайли янги назорат механизмлари жорий этилгани, менежмент ҳисобдорлиги ошгани, хавфларни бошқариш ҳамда ички аудит тизимли фаолиятга айлангани таъкидланди.
Шунингдек, 7 та давлат иштирокидаги корхона жамоатчилик ESG рейтингларини қўлга киритгани мамлакатнинг барқарор ривожланиш ва шаффофликка содиқлигини тасдиқлаб, халқаро инвесторлар ишончини янада мустаҳкамлаши қайд этилди.
Форум доирасида сўнгги бир йил ичида эришилган натижалар ҳам тақдим этилди. Хусусан, Ўзбекистоннинг бир қатор давлат иштирокидаги корхоналари халқаро рейтинг агентликлари — S&P, Fitch томонидан халқаро рейтингларга эга бўлди ҳамда еврооблигациялар жойлаштирди. Бу ҳолат молиявий барқарорлик, бошқарув шаффофлиги ва халқаро инвесторлар ишончининг ортиб бораётганидан далолат беради.
Жумладан, 3 та корхона томонидан кредит рейтинглари биринчи бор олиниб, халқаро кредит рейтинглари сони 17 тага етказилди. Шунингдек, 7 та корхонанинг суверен кредит рейтинги “BB-” дан “BB” даражасига оширилди. ESG йўналишида ҳам ислоҳотлар амалга оширилиб, 4 та корхона ESG рейтингларини олди, 2 та корхонада ушбу кўрсаткич яхшиланди ва умумий ҳисобда ESG рейтинглари сони 7 тага етди.
Форумда Жаҳон банки, IFC, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Franklin Templeton халқаро инвестиция компанияси вакиллари иштирок этдилар. Халқаро экспертлар давлат корхоналарининг инвестицион жозибадорлигини ошириш, барқарор ривожланишни таъминлаш ва трансформация жараёнларини амалга ошириш бўйича ўз фикр ва тавсияларини баён этдилар.
Шунингдек, форумда 23 та давлат корхона вакиллари, корпоратив котиблар ҳамда мустақил аъзолар, Franklin Templeton инвестиция компанияси ва UzNIF портфели кузатув кенгашининг мустақил аъзолари, шунингдек халқаро консалтинг компаниялари вакиллари иштирок этди. Тадбирда давлат корхоналарининг 26 та мустақил аъзоси қатнашди. Мулоқотлар давомида шаффофлик, стратегик назорат, ESG кўрсаткичлари, кузатув кенгашларининг самарадорлигини баҳолаш, корпоратив тузилмаларни трансформация қилиш, IPOга тайёргарлик ва стратегик инвесторларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот учун: Ҳозирги кунда Ўзбекистон давлат иштирокидаги корхоналари кузатув кенгашларига АҚШ, Буюк Британия, Германия, Испания, Туркия, Ҳиндистон, Польша, Маврикий ва бошқа давлатлардан халқаро даражадаги мустақил директорлар жалб қилинган. Бу жараён корпоратив барқарорлик ва халқаро стандартларга мос рақобатбардош бозор тузилмаларини шакллантириш бўйича босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим қисми ҳисобланади.
Форум якунида қуйидаги амалий тавсиялар ишлаб чиқилди:
1. Мустақил директорлар институтини стратегик назорат воситаси сифатида мустаҳкамлаш;
2. Корпоратив бошқарувнинг институционал асосларини ривожлантириш;
3. Кузатув кенгашларининг тузилиши ва ваколатларини такомиллаштириш;
4. Давлат иштирокидаги компанияларнинг фаолиятида шаффофлик ва бошқарув самарадорлигини ошириш;
Тадбир якунида иштирокчилар давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарувни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва халқаро ҳамкорликнинг кенгайиб бораётганини қайд этдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати








