Хитойнинг “CITIC Construction” компанияси билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
2024-03-30 16:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Маълумот учун: “CITIC Construction” Хитойнинг энг йирик давлат молия корпорацияси “CITIC Group”нинг шуъба корхонасидир. Ташкилот халқаро инжиниринг компанияси ҳисобланади. Фаолиятининг асосий йўналишлари: саноат, инфратузилма, спорт объектлари, шунингдек, бош шартнома шартлари бўйича кўчмас мулк объектларини қуриш, BOT (Build-Operate-Transfer) шартлари бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, механик ва электрон ускуналарни экспорт-импорт тарзида етказиб бериш. Компания МДҲ мамлакатлари, Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Америка, Яқин Шарқ ва Африкада лойиҳаларни амалга оширади.
Учрашувда, биринчи навбатда, йўл-транспорт ва муҳандислик инфратузилмаси, шунингдек, Ўзбекистонда ирригация тизимларини модернизация қилиш соҳаларида қўшма лойиҳалар портфелини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, каналларни бетонлаш ва “Пунган – Наманган” автомобиль йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши сув ресурсларидан янада самарали фойдаланишни таъминлайди ва ҳудудларда транспорт инфратузилмаси имкониятларини оширади.
Шунингдек, учрашув чоғида саноат, иссиқлик таъминоти ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари хусусида фикрлар алмашилди.
Учрашув якунлари бўйича ҳамкорликнинг янги йўналишларини янада ривожлантириш мақсадида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати



