“Ташаббусли буджет” лойиҳасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди
2024-02-01 14:30:00 / Матбуот анжуманлари

Мазкур тадбирда вазирлик томонидан Давлат бюджети сиёсати департаменти директори Шерзод Мухамедов, Молия органлари ҳамда бюджет ташкилотларининг молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув маркази директори Ирода Хамидова, Давлат бюджети сиёсати департаменти бўлим бошлиғи Азимжон Хасанов ҳамда мазкур департамент ходимлари иштирок этишди.
Анжуман давомида вазирлик мутахассислари томонидан “Ташаббусли бюджет” жараёнининг жорий йил 1-мавсуми учун йўналтириладиган маблағлар тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилди ҳамда мутахассислар томонидан лойиҳалар киритиш бўйича тавсиялар бериб ўтилди.
Маълумот учун, вазирлик томонидан “Ташаббусли бюджет” жараёнининг
1-мавсумига лойиҳа киритиш босқичи 1 февралдан бошланиб, 20 февралга қадар давом этиши эълон қилинган эди.
Жорий мавсум учун дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, туман/шаҳар бюджетлари ҳисобидан жами 3,0 трлн сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилиши кутилаётгани таъкидланди.
Бундан ташқари, масъуллар томонидан лойиҳа киритиш жараёнида фуқаролар нималарга эътибор қаратишлари лозимлиги юзасидан тавсиялар бериб ўтилди.
Матбуот анжуманида мутахассислар журналистлар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб бердилар.
2023 йилда “Ташаббусли бюджет” жараёнлари учун 2022 йилга нисбатан қарийб икки бараварга кўп маблағ йўналтирилиб, ўтказилган иккита мавсум доирасида маҳаллаларда умумий қиймати 4,2 трлн сўмлик 4 183 та лойиҳа амалга оширилишига эришилди.
Шу билан бирга, ушбу жараёнларда илк бор республиканинг барча маҳаллалари иштирок этиб, фуқаролар томонидан ўртача 14 миллиондан ортиқ (аввалги йилга нисбатан 9 миллионга кўп) овоз берилди.
Лойиҳаларнинг ҳолатини тўғридан-тўғри кузатиб бориш ва таҳлил қилиш имконини бериш мақсадида “Очиқ бюджет” ахборот порталида махсус саҳифа, яъни “dashboard” ишга туширилди.
Ушбу саҳифа орқали тегишли мавсумлар бўйича ҳудудлар кесимида лойиҳаларнинг ижроси, ҳолати ва бошқа маълумотларни реал вақт кўринишида кузатиб бориш имконияти яратилди.
Фуқароларнинг таклиф ва истакларини инобатга олган ҳолда, “Ташаббусли бюджет” жараёнларини янада такомиллаштириш мақсадида ушбу жараёнларни ўтказиш билан боғлиқ норматив ҳужжатлар қайта кўриб чиқилган ҳолда амалдаги тартибга тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Бунда, киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар бевосита фуқароларнинг хоҳиш ва истакларидан келиб чиққан ҳолда жорий этилмоқда.
Бунга кўра, эндиликда:
“Ташаббусли бюджет” жараёнлари “Бир фуқаро – бир овоз” тамойили асосида ўтказилиши;
“Менинг йўлим” лойиҳаси ҳар йили “Ташаббусли бюджет” жараёнининг биринчи мавсуми билан бирлаштирилган ҳолда ўтказилиши;
лойиҳаларни саралаб олишда шаффофлик ва ҳаққонийликни таъминлаш мақсадида Ишчи комиссия янгиланган таркиб асосида шакллантирилиши;
харид қилиш билан боғлиқ лойиҳалар тегишли вазирликлар томонидан тасдиқланган электрон реестр асосида шакллантирилиши;
асоссиз равишда лойиҳаларни рад этиш ҳолати кузатилган туман ва шаҳарларда саралаш босқичи ваколатли орган томонидан амалга оширилиши;
камчиликларга йўл қўйган пудратчиларни “Шаффоф қурилиш” тизимининг Инсофсиз ижрочилар ягона реестрига киритиш чоралари кўрилиши назарда тутилмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати




