Мерос жамғармасининг “Иқтисодий эркинлик” индекси 2024 йил натижалари эълон қилинди
2024-03-25 19:10:00 / Вазирлик янгиликлари

Ўзбекистон 55,9 балл билан (ўтган йилга нисбатан -0,6 балл)
дунё бўйича 184 та мамлакат орасида 103-ўринни эгаллаган ва ўтган йилга нисбатан (176 мамлакат орасида 109-ўрин) 6 поғона юқорилаган. МДҲ мамлакатлари орасида Ўзбекистон 5-ўринни эгаллаган (1-илова).
Маълумот учун: Персентиль ҳисобида 2023 йилда мамлакатимиз индексдаги 61 фоиз мамлакатдан юқори балл тўплаган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 55 фоизга тушган.
Ўзбекистон 12 та индикаторнинг 6 тасида ижобий ва 4 тасида салбий ўзгаришларни қайд этди ҳамда 3 тасида ўзгариш кузатилмаган (2-илова).
Хусусан, ижобий ўзгаришлар қуйидаги индикаторларда:
Мулкчилик ҳуқуқи (+2 балл), Суд фаолияти самарадорлиги (+2,3 балл), Давлат яхлитлиги (4,2 балл) қайд этилган. Шу билан бирга, Давлат харажатлари (-4,5 балл), Фискал саломатлик (-13,2 балл) ва Савдо эркинлиги (-0,6 балл) индикаторларида салбий ўзгаришларни қайд этилди.
Индекс маълумотларига кўра, республикамизнинг иқтисодий эркинлик даражаси жаҳон ва минтақавий ўртача кўрсаткичдан паст ва “асосан ноэркин” давлатлар қаторига кирган. Ўзбекистонда рақобатбардош бозор иқтисодиётини барпо этиш, иқтисодий эркинликни янада мустаҳкамлаш, очиқлик ва модернизацияга ўтишга хизмат қилувчи муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Институционал ва ҳуқуқ соҳасидаги заифликлар иқтисодий эркинликни чеклашда давом этмоқда. Сўнгги йилларда эришилган ютуқларга қарамай, умумий тартибга солиш тизимида шаффофлик ва равшанлик йўқ, норасмий секторда бандлик ва инфляция босими сақланиб қолмоқда.
Шу билан бирга, ижобий ўзгаришлар тобора кучайиб бораётганлиги, хусусан, бизнес очиш жараёни соддалаштирилгани, замонавий меҳнат бозори ривожланишда давом этаётганлиги ҳамда монетар сиёсат ва молиявий барқарорлик нисбатан яхши ҳолатда эканлиги таъкидланган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати


