“Яшил” стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида энг яхши стартапларни саралаб олиш мақсадида “Pitch Day” ўтказилди
2024-03-20 17:20:00 / Вазирлик янгиликлари

Маълумот учун: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Германия халқаро ҳамкорлик агентлиги (GIZ) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда яшил саноатлаштиришни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида U-Enter Инновацион тадбиркорлик маркази билан биргаликда “Яшил” стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш дастури амалга оширилмоқда. Дастур доирасида талабгорлардан 258 та ариза келиб тушган бўлиб, улардан 20 таси финал босқичига чиққан.
Тадбир давомида ёш ва маҳоратли стартаперлар “яшил” иқтисодиёт ҳамда “яшил” саноатлаштиришга қаратилган ғоялари ва ишланмаларини амалга ошириш бўйича таклифларини тақдимот қилишди. Стартаперлар томонидан чиқиндиларни бошқаришнинг барқарор тизими, қуёш панеллари самарадорлигини ошириш, энергия тежамкор технологияларни ишлаб чиқиш, суғориш тизимларини модернизация қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларининг янги турлари, саноатдаги чиқинди сувларни тозалаш ва қайта фойдаланиш каби лойиҳалар таклиф этилди.
Танловнинг якуний босқичи натижаларига кўра, энг юқори балл тўплаган лойиҳаларга “Ўзбекистонда яшил саноатлаштиришни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Германия халқаро ҳамкорлик агентлиги (GIZ) томонидан лойиҳанинг ривожланиш босқичини ҳисобга олган ҳолда 20 миллион сўмдан 400 миллион сўмгача грант маблағлари ажратилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, ғолиб бўлган лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилиб, амалиётга жорий этилган тақдирда кейинги босқичларида уларга ташкилотчилар томонидан қўшимча кўмаклар жалб қилиниши мумкин.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати




