Ўзбекистонда биринчи қуёш электр станцияси халқаро «Яшил энергия» сертификатлари тизимида рўйхатга олинди
2025-07-30 20:25:00 / Вазирлик янгиликлари

Давра суҳбати давомида I-TRACK жамғармаси ва Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази томонидан I-REC сертификатлари тизими, унинг аҳамияти ҳамда Ўзбекистондаги жорий ҳолат бўйича тақдимот қилинди. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи ҳудудига импорт қилинадиган товарларга нисбатан углерод солиғини назарда тутувчи «Трансчегаравий углеродни тартибга солиш механизми» (CBAM) 2026 йил 1 январдан бошлаб кучга киришидан сўнг Европага экспорт қиладиган маҳаллий корхоналарга ушбу механизмнинг таъсири, бунда «яшил энергия» сертификатларининг ўрни тўғрисида ҳам таъкидлаб ўтилди.
Маълумот учун: «Трансчегаравий углеродни тартибга солиш механизми» (Carbon Border Adjustment Mechanism – CBAM) – Европа Иттифоқи (ЙИ)га импорт қилинадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришда атмосферага чиқарилган иссиқхона газлари ҳажмига мувофиқ углерод солиғини қўллаш механизми.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва «Технопарк» МЧЖ ўртасида «яшил энергия» сертификатларини – I-REC(E) чиқариш, мамлакатда илк бор қуёш фотоэлеткр станциясини халқаро I-REC сертификатлари тизимида рўйхатга олиш учун шартнома имзоланди ҳамда Технопаркка расмий сертификат топширилди.
Бу орқали «Технопарк» МЧЖ томонидан ўрнатилган умумий қуввати
823 кВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясида ишлаб чиқарилган электр энергияси учун халқаро I-REC(E) сертификатларини муомалага чиқариш имкони яратилди.
Барқарорлик ва экологик масъулиятини ошириш истаги ва ҳоҳиши бор ҳар қандай компания учун бугун мамлакатимизда бундай имконият мавжуд.
I-REC(E) нима ва у қандай ишлайди?
I-REC(E) сертификати – қайта тикланувчи манбасида ишлаб чиқарилган ҳар 1 000 киловатт-соат (кВт/с) электр энергиясини тасдиқловчи рақамли сертификат. Сертификатлар қуйидаги афзалликларга эга:
Биринчидан, қайта тикланувчи энергия манбасини, яъни қуёш, шамол, гидро ёки биогаз электр станцияларини ишга туширган юридик ва жисмоний шахслар ўз электр станциясини I-REC тизимида рўйхатдан оʼтказиш орқали қўшимча даромад олиши мумкин. Бундан ташқари «яшил энергия» сертификатлари савдоси ушбу субъектларга қўшимча «яшил» молиявий ресурсларини жалб қилиш имкониятини ошириб, экологик барқарорлик ҳамда яшил иқтисодиётга ўтиш йўналишларидаги саъй-ҳаракатларини ҳам мустаҳкамлайди.
Иккинчидан, I-REC(E) сертификатларини харид қилган (фойдаланган) маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга халқаро бозорларга чиқишда ёрдам беради, экспорт йўналишида рақобатбардошликни оширади, Экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларига мос келувчи бизнес муҳитини яхшилайди, хорижий инвесторларни жалб қилиш ва банклар учун очиқлик ва ишончлиликни оширади. Сертификатларнинг яна бир фойдаси шундаки, улар орқали компания ва ташкилотлар ўзининг тоза энергиядан фойдаланишини очиқ-ойдин кўрсата олади.
Учинчидан, сертификатларни хорижий корхоналарга экспорт қилиш имконияти ҳам мавжуд. Жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистонда чиқарилган «яшил энергия» сертификатлари илк бор экспорт қилинди.
Мазкур тизим дунё бўйлаб 60 га яқин давлатларда ишга туширилган бўлиб, 200 миллиондан ортиқ сертификатлар муомалага чиқарилган.
Бугунги кунда мамалакатимизда «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятининг умумий қуввати 962,4 МВт бўлган 4 та гидроэлектр станцияси халқаро I-REC тизимида рўйхатдан ўтказилган.
Сўнгги бир ярим йил давомида Ўзбекистонда 344 835 та «яшил энергия» сертификатлари муомалага чиқарилди.
«Технопарк» МЧЖнинг қуёш электр станцияси Ўзбекистонда I-REC тизимида рўйхатдан ўтган биринчи қуёш энергия манбаи ҳисобланади.
Сертификатларни харид қилиш ва фойдаланиш борасида эса, биринчилардан бўлиб, Ўзсаноатқурилишбанки, Бритиш-Америcан Тобаccо Узбекистан, WорлейПарсонс, Энергоқурилишиндустрия, Cлиcк, Кнауф, УзАуто Моторс ва Навоиюран каби компаниялар I-REC(E) сертификатларидан фойдаланиб келмоқда.
Ҳозирда, I-REC(E) сертификатлари юзасидан мамлакатда фаолият юритаётган ва юритишни режалаштираётган енгил саноат корхоналари, маълумотларни қайта ишлаш марказлари (Data Center) каби салоҳиятли фойдаланувчилар ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Маълумот учун: «Яшил энергия» сертификатлари тўғрисида қўшимча маълумот олиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги «Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази»га мурожаат қилишингиз мумкин (Тел.: +99895 9504664, эмаил: green@imv.uz, Телеграм).
И-РEC сертификатлари ҳақида батафсил маълумот учун ҳаволани босинг.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати









