Давлат харидларида “Business intelligence” ва “Risk management” тизимлари жорий этилади
2025-07-30 16:55:00 / Вазирлик янгиликлари
Мазкур қарор давлат харидлари жараёнида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш, электрон тизимлар самарадорлигини ошириш ҳамда шаффофлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган.
Ҳужжатга мувофиқ қуйидагилар жорий этилади:
- “Business intelligence” тизими (соҳалар ва ҳудудлар кесимида харидлар маълумотларини таҳлил қилиш ҳамда жамоатчилик учун қулай тақдим этиш);
- “Risk management” тизими (харид жараёнида хавфларни бошқаришнинг комплекс тизими);
- импорт қилиниши режалаштирилган маҳсулотларни очиқлаш тизими.
Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари учун қулайлик яратиш мақсадида уларни давлат рўйхатидан ўтказилишида ихтиёрий равишда барча давлат харидлари электрон тизимларида бир вақтнинг ўзида рўйхатдан ўтказиш имконияти пайдо бўлади.
Бундан ташқари, шартномалар ижроси модули яратилади ҳамда унда, жумладан, давлат буюртмачиларининг ички аудит тузилмалари томонидан давлат харидлари бўйича мониторинг натижаларини жамоатчиликка кенг ёритилиши йўлга қўйилади.
Бугунга қадар электрон дўкон ва аукцион савдолари натижасида шартномалар электрон тузилган бўлса, эндиликда барча харид шартномалари электрон тизимда автоматик тарзда шакллантирилиши ва тузилиши белгиланди.
Шунингдек, қарор билан Давлат харидлари электрон тизими операторлари тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати
