Аудиторлик хизматлари бозорининг 2025 йил I ярим йиллиги якунлари бўйича маълумот
2025-07-28 16:50:00 / Вазирлик янгиликлари

1 226 нафар аудиторнинг 38 фоизида бухгалтерларнинг халқаро сертификатига (CIPA, АCCА, DipIFR, CPA ва бошқалар) эга бўлганлар мавжуд. 2024 йил ҳолатига кўра, 76 фоиз эркак, 24 фоиз аудиторлар хизмат кўрсатиб келмоқда.
2025 йил I ярим йиллиги ҳолатига халқаро аудиторлик ташкилотининг ёки халқаро ассоциациянинг аъзолари бўлган аудиторлик ташкилотлари сони 32 тага етди. Ўтган йилнинг шу даврида мазкур кўрсаткич 26 тани ташкил этган.
Аудиторлик ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш ва уларни давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлиги соҳасига ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича “Аудит” дастурий мажмуаси ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди. Ҳозирги вақтда “Аудит” дастурий мажмуаси http://audit.mf.uz ва https://audit.imv.uz веб-саҳифаларида ишлаб келмоқда. Ушбу дастурий мажмуа орқали аудиторлик ташкилотлари фаолияти мониторинги олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг (Департамент) “Марказ” (https://cabinet.prodepartament.uz) ягона ахборот тизимида 163 та аудиторлик ташкилотининг маъсул ходимлари рўйхатдан ўтказилди.
2025 йилдан бошлаб Департамент билан биргаликда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризм ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш (ЖФОДЛ/ТМ/ОҚҚТМҚК) миллий тизимини ўзаро баҳолашнинг III раундига тайёргарлик кўриш бўйича ишлар олиб борилмоқда ҳамда тасдиқланган чора-тадбирлар режаси доирасида ҳисобот тайёрланди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бугунги кунда аудиторлик ташкилотларини Реестрга киритиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- талабгор Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали (https://my.gov.uz) электрон шаклда ариза юборади;
- мазкур ариза https://audit.imv.uz электрон платформаси орқали қабул қилинади ва белгиланган тартибда кўриб чиқилади;
- кўриб чиқиш натижаси бўйича аудиторлик ташкилотни реестрга киритиш ёки аризани рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Шу билан биргаликда, аудиторлик фаолиятига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Аудитнинг халқаро стандартларининг (АХС) давлат тилидаги матнини кўриб чиқиш Комиссиясининг иш регламенти тасдиқланди. Шунингдек, Жаҳон банки томонидан молиялаштирилаётган Институционал салоҳиятни ошириш (ICBP) лойиҳаси доирасида АХСни таржима қилиш бўйича тадбирлар ўтказилмоқда.
Аудиторлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорлик доирасида Жаҳон банкининг Ўзбекистон Республикасида Бухгалтерия ҳисоби ва аудит стандартлари ва қоидаларига риоя этилиши тўғрисидаги ҳисобот (ROSC — “Reports on the Observance of Standards and Codes”) жараёнларига бағишланган бир қатор учрашувлар бўлиб ўтди. AA ROSC баҳолашлари мақсади — Ўзбекистоннинг бухгалтерия ҳисоби ва аудит тизимини ривожлантириш, халқаро стандартларга мувофиқлигини ошириш ҳамда бу соҳадаги институционал базани такомиллаштиришга йўналтирилган.
Шунингдек, халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, аудиторлик ташкилотлари иши сифатини ошириш мақсадида Халқаро мустақил аудит регуляторлари форуми (IFIAR — “International Forum of Independent Audit Regulators”) 2025 йилги Пленар йиғилишида аудиторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи сифатида IFIAR’га аъзо бўлиш учун кузатувчи сифатида иштирок этилди. Бугунги кунда мазкур ташкилотга аъзо бўлиш учун бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати
