Мастер-режалар: ҳудудлар учун янги имкониятлар эшиги очилмоқда
2025-06-30 17:25:00 / ОАВ биз ҳақимизда

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида ўтказилган “Ҳудудларнинг мастер-режаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш”га бағишланган амалий семинар ҳам улардан биридир.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ҳамкорлигида ўтказилган икки кунлик амалий семинарда вилоят ва туман даражасидаги лойиҳа офислари ходимлари, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари ҳамда хорижий экспертлар иштирок этди.
Тадбирда қайд этилганидек, Президентимизнинг ушбу фармони ижроси доирасида мамлакатимизда ҳудудий ривожланишга янги ёндашув – мастер-режалар асосида комплекс стратегик режалаштириш тизими жорий этилмоқда. Мастер-режалар – бу шунчаки ривожланиш режаси эмас, балки аниқ маълумотлар, таҳлил ва жойлардаги реал эҳтиёжларга асосланган, узоқ муддатли стратегик ҳужжатдир. Улар орқали ҳудудларнинг табиий, иқтисодий ва демографик салоҳияти ҳисобга олинган ҳолда, самарали ва барқарор ривожланишга эришиш мумкин.
Мазкур семинар асосан “Шаҳрисабз тажрибаси”ни ўрганишга бағишланди. Ушбу ҳудуд мастер-режа асосида ривожлантирилаётган илк лойиҳалардан бири бўлиб, унинг натижалари бошқа туман ва вилоятларга намуна бўлиши кутилмоқда. Биринчи куни иштирокчилар Мираки ҳудудида жойлашган “Саломатлик” пиёдалар йўлаги ва унинг атрофида амалга оширилган ишлар билан танишди. Мазкур ҳудудда хусусий тадбиркорлар томонидан қурилган савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари, меҳмонхоналар, кафелар ва уй меҳмонхоналари туристик ва иқтисодий муҳитни жонлантирмоқда.
Иккинчи кун дастурида GIZ ташкилотининг Қашқадарё вилоятидаги вакили томонидан Шаҳрисабз туманидаги комплекс иқтисодий ривожланиш стратегияси, унинг асосий йўналишлари ва амалга ошириш механизмлари ҳақида тақдимот қилинди. Шу билан бирга, иштирокчилар Шаҳрисабз туристик марказини бошқариш ва ривожлантириш бўйича ташкил этилган махсус департаментнинг фаолияти билан танишди.
Департамент томонидан олиб борилаётган ишлар ва режалаштирилаётган ташаббуслар ҳудуднинг инвестицион жозибадорлигини оширишга қаратилган. Семинар доирасида иштирокчилар GIZнинг грант ёрдамида амалга оширилаётган лойиҳаларни ҳам ўрганди. Жумладан, сув таъминоти яхшиланган 500 гектар ер майдонида боғдорчилик, узумчилик ва агротуризмни ривожлантиришга қаратилган ишлар самараси намойиш этилди. Бу ерда яратилган янги иш ўринлари ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга асосланган ёндашув ижтимоий-иқтисодий барқарорликка хизмат қилмоқда.
Семинар иштирокчилари таъкидлаганидек, бундай лойиҳа ва тажрибалар маҳаллий ҳокимликлар фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш билан бирга, аҳоли турмуш даражасини оширишда муҳим воситага айланмоқда.
