2030 йилгача “яшил” давлат харидлари улуши 30 фоизга етказилади
2025-06-18 17:00:00 / ОАВ биз ҳақимизда

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Жаҳон банки билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда соҳа масъуллари, маҳаллий ва хорижий мутахассислар ва тадбиркорлар иштирок этди.
Унда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Раҳимова, Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги дастур координатори Анастасия Александрова ва бошқалар давлат харидларида экологик тоза маҳсулотларни қўллаб-қувватлашни рағбатлантириш, қайта ишланган хомашёлардан тайёрланган маҳсулотлар улушини ошириш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар давр талаби эканини қайд этди.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон “яшил” иқтисодиёт сари барқарор ва изчил қадамлар қўйди. Халқаро ҳамжамият мамлакатимизнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳоламоқда. Таъкидланишича, сўнгги йиллардаги кенг қамровли ислоҳотлар изчиллик ва прагматик ёндашув асосида амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий барқарорликни таъминлаш ва иқлим ўзгаришига мослашиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат харидлари сиёсати департаменти директори Сарвар Назаровнинг сўзларига кўра, давлат харидлари тизимини “яшил” тамойиллар асосида шакллантириш нафақат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, балки самарали ва узоқни кўзлаган иқтисодий сиёсатнинг ҳам муҳим қисмидир.
–Ҳозирги кунда экологик маҳсулотларни танлаб олиш, ишлаб чиқаришда “яшил” технологияларни татбиқ этиш, шунингдек, харидлар жараёнида атроф-муҳитга таъсирни ҳисобга олиш механизмлари жорий этилаётгани шундан далолат беради. Шу мақсадда ягона ихтиёрий маркировка тизими концепцияси ишлаб чиқилмоқда ва халқаро тажрибалар асосида адаптация қилинмоқда. Бу ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш учун давлат харидлари соҳасида фаолият юритаётган мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини мунтазам ошириш зарур. “Яшил” харидлар амалиётини жорий этиш орқали биз нафақат экологик барқарорликка ҳисса қўшамиз, балки маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳам халқаро стандартларга мос фаолият юритишга рағбатлантирамиз. Бу, ўз навбатида, ички бозорда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга ҳам хизмат қилади, – деди С.Назаров.
Давра суҳбатида давлат харидлари тизимини экологик тамойилларга мослаштириш бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, мавжуд ёндашувлар ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди. Халқаро молия институтлари вакиллари томонидан экологик муаммоларни ҳал қилишда илғор хорижий тажрибалар ва инновацион ёндашувлар билан ўртоқлашилди.
Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги дастур координатори Анастасия Александрова қайд этганидек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида иссиқхона газлари чиқиндисини 35 фоизга қисқартириш мақсади белгиланган. Шунингдек, “яшил” иқтисодиётга ўтиш бўйича амалий чора-тадбирлар тасдиқланган.
– Давра суҳбатида муҳокама қилинган масалалар орасида давлат харидлари соҳаси алоҳида аҳамиятга эга. Бу соҳанинг иқтисодиётдаги улуши катта – Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг тахминан 20 фоизини ташкил этади. Агар ушбу йўналишда барқарор ривожланиш мезонлари инобатга олинмаса, “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнида жиддий тўсиқлар пайдо бўлиши мумкин. Шу боис 2024 йилдан давлат харидлари тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартишлар доирасида фақатгина энг арзон таклифларни эмас, балки ижтимоий ва экологик жиҳатдан мақбул вариантларни танлаш механизми жорий этилди. Бу тендерларда иқтисодий, ижтимоий ва экологик манфаатлар уйғунлашган ҳолда қарор қабул қилинишига хизмат қилмоқда. Ўзбекистон бу жараёнда тўғри йўналишни танлади. Масалан, 2022 йилда “яшил” харидлар амалиёти деярли мавжуд эмас эди. Аммо 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 20 фоизга етди ва 2028 йилда 25 фоиздан ошиб кетиши кутилмоқда. 2030 йилгача эса ушбу улушни 30 фоизга етказиш кўзда тутилган. Айни пайтда биз “яшил” энергетика, “яшил” транспорт, ирригация ва сувдан самарали фойдаланиш, иқлим хавфларини камайтиришга қаратилган махсус дастурлар доирасида ҳукумат билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Бу эса мамлакатнинг экологик ва иқтисодий барқарорлигини таъминлашда муҳим иҳсобланади, – деди А.Александрова.
Экспертлар таҳлилига кўра, мазкур давра суҳбати иштирокчилар ўртасида ўзаро мулоқот ва амалий тажриба алмашиш учун самарали платформа сифатида намоён бўлди. Тадбирда илгари сурилган ташаббус ва таклифлар эса Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда давлат харидлари тизимини барқарор ривожланиш мезонлари асосида такомиллаштириш йўлида муҳим қадамдир.

