2025–2027 йилларда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида ички назорат тизимини янада такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди
2025-07-18 19:30:00 / Вазирлик янгиликлари
Ушбу қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
I. 2025–2027 йилларда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида ички назорат тизимини янада такомиллаштириш концепцияси ҳамда уни амалга ошириш юзасидан “Йўл харитаси”.
Мазкур концепцияда қуйидагилар назарда тутилган:
давлат секторида ички назорат тизимини ривожлантириш бўйича халқаро тажриба ва мамлакатимиздаги жорий ҳолат;
назорат муҳитининг яхлит тизимини шакллантириш ва хавфларни бошқаришнинг самарали тизимини жорий этиш;
назорат жараёнларининг натижадорлигини ошириш ва ахборот-коммуникация тизимини такомиллаштириш;
ички назорат тизимини доимий мониторинг қилиш ҳамда ҳисобдорликни янада мустаҳкамлаш;
ички назорат тизимини ташкил этишни стандартлаштириш мақсадида қонунчилик асосларини такомиллаштириш;
ички назорат тизимини ташкил этиш ҳамда ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш.
Шунингдек, Концепцияда илғор халқаро тажрибалар сифатида “Ички назорат – интеграциялашган модели” ва “Уч бўғинли ҳимоя” моделлари келтирилган.
Маълумот учун,“Ички назорат – интеграциялашган модели” Тредвей комиссиясининг ҳомийлик ташкилотлари қўмитаси (COSO) томонидан ишлаб чиқилган (ушбу модел билан ташкилотнинг расмий сайтида батафсил танишишингиз мумкин: https://www.coso.org).
“Уч бўғинли ҳимоя” модели Халқаро Ички аудиторлар институти томонидан ишлаб чиқилган ҳамда ички назоратни таъминлашда кенг тарқалган ва самарали татбиқ этилган модел ҳисобланади (ушбу модел билан ташкилотнинг расмий сайтида батафсил танишишингиз мумкин: https://www.theiia.org).
II. Ички аудит фаолиятининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар.
Қарор билан киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар таркибидан қуйидагилар ўрин олган:
давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизматларига ажратиладиган энг кам штат бирликлари сонини аниқлаш тартиби;
давлат органлари ва ташкилотларда ички аудит хизматлари раҳбарлари мустақиллигини янада ошириш мақсадида уларни лавозимдан озод этишни келишиш тартиби;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида ташкил этилган ички аудит хизматлари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш;
ички аудит хизматлари фаолиятини баҳолашни намунавий саволномани кенгаштириш орқали янада такомиллаштириш;
ички аудит миллий малака сертификатини бериш тизимида малака оширишнинг янгиланган муддатларини белгилаш;
ички аудит фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалдаги қонунчилик ҳужжатларга мувофиқлаштириш мақсадида киритилаётган бошқа ўзгартиришлар.
Мазкур қарор билан батафсил қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин:
https://lex.uz/uz/pdfs/-7632930
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати
