ОИЛА – ЖАМИЯТ ТАЯНЧИ, МАЪНАВИЯТ БЕШИГИ
2025-05-16 20:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Дарҳақиқат, ўзаро ҳурмат, шукроналик, ҳамжиҳатлик бор оилаларда файз бўлади. Бундай оилалар сабабидан, маҳалла тинч, жамият обод бўлади. Маҳалласи тинч юртда эса, ривожланиш, фаровонлик ва барқарорлик ҳукм суради.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида 15 май – Халқаро оила куни муносабати билан «Оила – муқаддас гўша, жамиятнинг бирламчи бўғини» мавзусида ташкил этилган давра суҳбати айнан юқоридаги мавзу моҳиятини очишга хизмат қилди, десак, муболаға бўлмайди.
– Бугун жамиятимизнинг маънавий устуни бўлган оила институтини мустаҳкамлаш, соғлом ва баркамол авлод тарбияси учун зарур муҳит яратиш — барчамизнинг умумий бурчимиз, – дейди Вазирнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси О. Махмудов. – Оила нафақат муҳаббат ва меҳр-оқибат маскани, балки жамиятнинг иқтисодий ва маънавий ривожида муҳим ўрин тутадиган муқаддас гўша, жамиятнинг асосий ва бирламчи бўғинидир.
Шу нуқтаи назардан қараганда, вазирликда фаолият юритаётган ҳар бир ходимнинг шахсий ҳаётида барқарор ва соғлом оила муҳити бўлиши, унинг меҳнат самарадорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
– Бугунги кунда аёлларнинг оила ва жамиятдаги роли тобора ортиб бормоқда. Вазирлигимизда кўплаб фидойи, билимдон ва масъулиятли аёллар ўз билим ва тажрибалари орқали иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда, – дея давра суҳбатини давом эттирди Вазирликнинг Хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилот раҳбари Дилором Мирзажонова. – Айниқса, ибратли оилаларни тарғиб қилиш, уларни эътироф этиш ва рағбатлантириш ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Вазирлигимизда бундай оилалар кўплаб топилади. Ана шундай ибратли оилаларни вақтида қадрлаш ва рағбатлантириш лозим.
Шундай оилалардан бири – Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш департаменти Кадрларни ҳисобга олиш бошқармаси бош мутахассиси Умида Асқарованинг оиласидир. У ишда – масъулиятли ва фидойи ходим, оилада эса – меҳрибон она, самимий ва бирдамликни қарор топтирган мўътабар аёл. Ана шу юксак инсоний фазилатлари, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшгани учун Ҳукумат комиссиясининг хулосасига кўра, Умида Асқарова «Ибратли оила» кўкрак нишони билан тақдирланди. Вазирлик жамоаси мазкур анжуманда ўз оиласи аъзолари билан ташриф буюрган Умида Асқаровани юксак эътироф билан самимий муборакбод этишди.
Ўз навбатида, Умида Асқарова ҳам ўз оилавий қадриятлари ҳақида ўртоқлашаркан, қуйидаги фикрларни билдирди: “Оила – фақатгина шахсий ҳаёт эмас, балки жамиятнинг барқарорлиги, маънавияти ва келажаги учун масъул маскандир. Ҳар бир оиланинг фаровонлиги ва маънавий юксалиши бутун халқимизнинг тараққиётига хизмат қилади.
Шунингдек, оила – муқаддас ва муаззам гўша бўлиб, бу ерда ўзаро ҳурмат, муҳаббат, садоқат, бағрикенглик, ватанпарварлик ва меҳнатсеварлик каби асрий қадриятлар шаклланади. Ҳар бир ота-она фарзандига намуна бўлиши керак. Чунки фарзандларимиз биздан ўрнак олади, сўзимизга, феъл-атворимизга қараб улғаяди. Шу боис, оилада ҳар бир ҳаракат, ҳар бир муносабат тарбиявий аҳамиятга эга. Демоқчиманки, ушбу ютуққа эришишда турмуш ўртоғимнинг алоҳида ва муносиб ҳиссалари бор деб биламан”.
Ходимлар томонидан мавзуга доир шеърлар ўқилиши, қизғин савол-жавоблар, мулоҳаза ва фикр алмашинувлари тадбирга ёрқин таассурот олиб кирди.
Маънавият ва маърифат кенгаши,
Хотин-қизлар масалалари бўйича
бошланғич ташкилоти





