“Хавфларни бошқариш тизимини самарали ташкил этиш“ мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди
2025-06-20 19:20:00 / Вазирлик янгиликлари

Семинарда Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари Мирзаев Сардор Алишерович, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хайдаров Ахадбек Яхбекович, Ҳисоб палатаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг масъул ходимлари, шунингдек, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ички аудит, молия-иқтисод, коррупцияга қарши курашиш тузилмалари раҳбарлари ҳамда Хавфларни бошқариш қўмитаси аʼзолари иштирок этишди.
Семинар давомида хавфларни бошқариш тизимини самарали ташкил этиш, Хавфларни бошқариш қўмитаси фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, хавфларни аниқлашда ахборот технологияларидан фойдаланиш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида ички назоратни ташкил этишга оид тақдимотлар ўтказилди.
Тақдимотларда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида хавфларни бошқариш тизимини ташкил этишда ички аудит ва бошқа таркибий тузилмаларнинг, шунингдек, Хавфларни бошқариш қўмитасининг роли, хавфларни аниқлашда Ҳисоб палатасининг «Масофавий назорат» марказининг ахборот тизимларидан фойдаланиш ҳамда ички назорат самарали ташкил этиш бўйича маълумотлар иштирокчиларга тақдим этилди.
Семинар давомида иштирокчилар томонидан берилган саволларга Ҳисоб палатаси ва Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг масъул ходимлари томонидан атрофлича жавоб ва маълумотлар берилди.
Семинар қизғин муҳокама, баҳс ва мунозара кўринишида бўлиб ўтди ва келгусида ҳам шу каби амалий семинарлар ташкил этишга келишиб олинди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати


