“Яшил” давлат харидлари орқали экологик муҳитнинг яхшиланишига кўмаклашиб борилади
2025-06-18 14:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Давра суҳбатида Ўзбекистон Экологик партияси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, халқаро молия инстутларининг вакиллари ҳамда 100 дан ортиқ тадбиркорлар иштирок этди.
Мазкур тадбирда давлат харидларида экологик тоза маҳсулотларни қўллашни рағбатлантириш, қайта ишланган хомашёлардан тайёрланган маҳсулотлар улушини ошириш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар тақдим этилди.
Шунингдек, давлат харидлари тизимини экологик тамойилларга мослаштириш бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, мавжуд ёндашувлар ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди. Халқаро молия институтлари вакиллари томонидан экологик муаммоларни ҳал қилишда илғор хорижий тажрибалар ва инновацион ёндашувлар билан ўртоқлашилди.
Тадбир давомида “яшил” харидларни қўллаб-қувватлаш механизмлари, экологик маҳсулотлар учун ягона ихтиёрий маркировка тизими, шунингдек ишлаб чиқариш жараёнларида “яшил” технологияларни татбиқ этиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Иштирокчилар экологик маҳсулотларни маркировкалаш тизимининг самарадорлиги, уни жорий этиш орқали атроф-муҳитга етказиладиган салбий таъсирни камайтириш бўйича фикр алмашдилар.
Тадбирда фаол иштирок этган тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқариш жараёнларида “яшил” технологияларни қўллаш тажрибалари ҳамда экологик маҳсулотларга бозор талабининг хусусиятлари ҳақида амалий маълумотлар билан ўртоқлашдилар.
Давра суҳбати якунида “яшил” давлат харидларини муваффақиятли амалга оширишда давлат харидларига масъул ходимларнинг малакасини ошириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакиллари бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ва келгусидаги режалар ҳақида батафсил ахборот бердилар.
Мазкур тадбир тадбиркорлар, давлат буюртмачилари ва халқаро экспертлар ўртасида самарали мулоқот ва тажриба алмашиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилди. Бу эса ўз навбатида, мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати






