Бюджет маълумотлари ва бюджет жараёнининг очиқлик даражасини ошириш бўйича онлайн-семинар бўлиб ўтди
2025-05-23 18:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Мазкур тадбирда Ўзбекистон ва Россия молия вазирликлари вакиллари, шунингдек, Россия Федерацияси Молия вазирлиги ҳузуридаги Илмий-тадқиқот молия институти, Давлат бюджет сиёсати департаменти ҳамда Бюджет-солиқ илмий тадқиқотлар институти экспертлари иштирок этди. Семинарни дастур эксперти Сергей Судаков бошқариб борди. Умумий ҳисобда 100 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Семинарнинг биринчи қисмида дастур эксперти Антонина Ковалевская “Ўзбекистон Республикаси бюджет маълумотларининг очиқлигини ошириш бўйича Йўл харитаси” мавзусида тақдимот ўтказди. Тақдимот давомида у Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан бюджет маълумотлари очиқлигини баҳолаш индексини жорий этиш йўлида амалга оширилаётган ишланмаларни намойиш этди. Жумладан, ишлаб чиқилаётган моделларнинг маҳаллий шароитга мослаштирилиши ва уларни амалиётга тадбиқ қилишда ходимларнинг салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур йўналишда амалга ошириладиган кейинги босқичдаги ишлар бўйича режалар муҳокама қилинди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида икки томонлама дастур эксперти Яна Полякова “Субмиллий даражада бюджет ва бюджет жараёнининг очиқлик даражасини ошириш бўйича тавсиялар: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида маъруза қилди. У ўз нутқида бюджет сиёсатининг устувор мақсади мамлакат иқтисодий ўсишини таъминлаш эканлигини таъкидлади. Шу жиҳатдан федерал бюджет мувозанати ва инфляциянинг паст даражаси муҳим омиллар сифатида қайд этилди. Шунингдек, у бюджета прогнозини шакллантиришда қўлланилаётган ёндашувлар, асосий фискал хатарларни стресс-тестдан ўтказиш, ҳамда солиқ имтиёзлари харажатларини бошқариш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Семинар якунида 2025–2026 йилларда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Халқаро Бюджет очиқлиги ташаббуси (International Budget Partnership — IBP) га аъзо бўлиши масаласи юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати
