IFAD билан сут маҳсулотлари бўйича янги лойиҳа доирасида битим имзоланди
2025-04-28 18:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари, IFADнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси вакиллари, лойиҳа гуруҳлари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар масъул раҳбарлари иштирок этди.
Музокаралар давомида Ўзбекистонда IFAD иштирокида муваффақиятли амалга оширилаётган лойиҳалар портфели, уларнинг самарадорлиги ҳамда ижтимоий-иқтисодий таъсири муҳокама қилинди. Шунингдек, кичик ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, аёллар ва ёшлар иштирокини кенгайтириш, молиявий хизматларга кириш имкониятларини оширишга қаратилган янги ташаббуслар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув доирасида томонлар ўртасида “Сут маҳсулотлари қиймат занжирини ривожлантириш – II босқич” лойиҳасини молиялаштириш бўйича молиявий битим имзоланди.
Мазкур битим доирасида IFAD томонидан 37,8 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилиши режалаштирилган. Лойиҳа Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида амалга оширилади ва кичик ишлаб чиқарувчилар, аёллар ҳамда ёшларнинг сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлашдаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар IFAD билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, хусусан, барқарор қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқлимга мослашув соҳаларида янги ташаббусларни амалга ошириш юзасидан яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати

