Германия тараққиёт банки вакиллари билан ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди
2025-04-17 20:20:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Майкл Виммер, «KfW» банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Андреас Шнайдер ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Кичик ва ўрта бизнес ривожланишини таҳлил қилиш, қўллаб-қувватлаш ва давлат сиёсатини мувофиқлаштириш департаменти директори Тимур Хусанов, Давлат қарзи департаменти директори ўринбосари Бехруз Каримов ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Маълумот учун: Германиянинг «KfW» банки давлат ривожлантириш банкларидан бири бўлиб, у иқтисодий тараққиёт, ижтимоий барқарорлик ва экологик барқарорликни қўллаб-қувватлаш учун молиялаштириш хизматларини тақдим этади. Банк ривожланаётган давлатларга ёрдам беради ҳамда энергия, иқлим, сув, таълим, соғлиқни сақлаш, ва бошқалар бўйича лойиҳаларни молиялаштиради. Шунингдек, банк БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларига (SDGs) ҳисса қўшиш мақсадида фаолият олиб боради.
Мулоқот давомида томонлар кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотлар, кичик ва ўрта бизнесни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун қулай молиявий шароитлар яратишда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан муҳокамалар олиб борди.
Шунингдек, муҳокамалар давомида томонлар мамлакатимизда иқтисодий ўсиш жараёнлари, қишлоқ хўжалиги ва ҳудудларни ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда капитал ва молия бозорларини ривожлантириш юзасидан фикр алмашди.
Шу билан бирга, учрашув доирасида Германия тараққиёт банки иштирокида “Микро, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш” лойиҳасининг III-фазаси юзасидан 23,5 млн евро кредит ва 3 млн евро грант маблағларини жалб қилиш бўйича битим имзоланди.
Маълумот учун: Германия тараққиёт банки иштирокида «Микро, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш» лойиҳасининг асосий мақсади Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес субъектларининг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг молиявий ресурслар ва замонавий билимларга бўлган эҳтиёжларини қондириш, шунингдек, рақобатбардошлигини ошириш орқали иқтисодий ўсишга ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ҳамда юқорида қайд этилган масалалар юзасидан фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтиришга келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати





