Хориждан маблағ жалб қилишнинг замонавий молиявий инструментларига бағишланган тақдимотлар ўтказилди
2025-03-14 12:17:00 / Тадбирлар

Тадбирда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Кўп томонлама инвестицияларни кафолатлаш агентлиги (MIGA) ҳамда MUFG, “J.P.Morgan”, “Standard Chartered Bank”, “Raiffeisen Bank International” ва “Citigroup” инвестиция банкларининг экспертлари томонидан давлат иштирокидаги корхоналар ва тижорат банклари учун хориждан мустақил равишда маблағ жалб қилишнинг замонавий молиявий инструментларига бағишланган тақдимотлар ўтказилди.
Дастлаб, Иқтисодиёт ва молия вазири маслаҳатчиси Жасур Каршибаев “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифаларга эришиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтди. Бунда, давлат иштирокидаги корхоналар ва тижорат банкларини трансформация қилиш ҳамда хориждан маблағ жалб қилишда янги молиявий инструментлардан кенгроқ фойдаланишнинг аҳамиятига эътибор қаратилди.
“UzAssets” АЖ бошқарув раиси Бобур Абдиназаров давлат иштирокидаги корхоналарда амалга оширилаётган трансформация ишлари ҳақида маълумот берди. Жумладан, 20 дан ортиқ давлат корхоналари молиявий ҳисоботлари халқаро стандартларга ўтказилаётганлиги ҳамда 13 та корхоналар халқаро кредит рейтингини олганлиги таъкидлаб ўтилди.
“Finasia Capital” бош директори Одилбек Исаков ҳозирда республикада мавжуд ташқи манбалардан маблағ жалб этиш инструментлари, хусусан, халқаро облигациялар, синдикатланган кредитлар, субординация қилинган қарзлар, икки томонлама кредитлар, ЭКА кредитлари, айланма кредит линиялари ва cавдо молиялаштириш кредитлари бўйича таништириб ўтди.
Ўз навбатида, “Raiffeisen Bank International” вакили Шота Жвания жорий йилнинг 26-27 март кунлари Лондон шаҳрида “Ўзбекистон инвесторлар куни” тадбири ўтказилиши ҳамда ушбу тадбирда республикада фаолият кўрсатаётган корхоналар ва тижорат банклари халқаро инвесторлар билан музокаралар ўтказиши ҳамда ўз лойиҳаларини тақдим этиши режалаштирилганлиги қайд этди.
Жаҳон банкининг минтақавий директори Татьяна Проскурякова, Осиё тараққиёт банки мамлакат операциялари раҳбари Мирзо-Искандар Гулямов, Халқаро молия корпорациясининг Ўзбекистондаги вакили Нил Маккейн, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Анди Аранитаси, Ислом тараққиёт банки вакили Хусан Хусанов, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки вакили Алексей Шевченко Кўп томонлама инвестицияларни кафолатлаш агентлиги (MIGA) вакили Аннабель Гасталь ҳамда мазкур халқаро молия институтларининг мутахассислари республикада инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда давлат кафолатисиз халқаро молия институтларидан маблағ жалб қилишнинг замонавий инструментлари юзасидан атрофлича маълумотлар тақдим этди.
Бунда, хорижий инвестицияларни жалб қилишда экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) рейтингларининг ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди. Халқаро инвесторлар тобора кўпроқ ESG мезонларига эътибор қаратаётгани ва Ўзбекистон корхоналари бу йўналишда қандай ислоҳотлар олиб бориши кераклиги тўғрисида фикрлар билдирилди.
MUFG бошқарувчи директори Кристофер Маркс, “J.P.Morgan” вице-президенти Арсений Лобойко, “Standard Chartered Bank” ижрочи директорлари Люси Раҳал ва Десислава Радева ва “Citigroup” директори Жейсон Зулло ҳамда мазкур инвестиция банкларининг халқаро экспертлари томонидан ҳозирги кунда оммабоп инструментлардан саналган аралаш молиялаштириш (“Blended finance”), экспорт кредит агентлиги томонидан молиялаштириш (“ECA Financing”), инфратузилма ва капитал харажатларни молиялаштириш (“Infrastructure and Capex Financing”), муддатсиз облигациялар (“Additional Tier 1”) ва репо операцияларидан фойдаланиш (“REPO”) инструментлари юзасидан батафсил ахборот берилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати





