Жаҳон банки билан ҳамкорликда “Натижага асосланган кредитлаш дастури” (PforR) юзасидан семинар ўтказилди
2025-03-27 18:20:00 / Вазирлик янгиликлари

Семинар-тренингдан кўзланган асосий мақсад Давлат дастурларини молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида Жаҳон банки томонидан фойдаланиладиган янги молиялаштириш механизми — “Натижага асосланган кредитлаш дастури” билан яқиндан таништириш ҳисобланади.
Семинар-тренигда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва Ҳисоб палатасининг 40 дан ортиқ масъул мутахассислари иштирок этди.
Семинарни Жаҳон банкининг Марказий Осиё минтақаси бўйича операцион менежери Инду Жон-Абраҳам ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳомжон Умрзаков очиб беришди.
Тадбирнинг биринчи кунида “Натижага асосланган кредитлаш дастури” мазмуни ва моҳияти, унинг анъанавий молиялаштириш усулларидан фарқи, шунингдек, Хитой, Марокаш ва Сербия давлатлари мисолида халқаро тажриба бўйича тушунтириш ва маълумотлар бериб ўтилди.
Семинар маърузалари Кай-Александер Кайзер бошчилигидаги Жаҳон банки экспертлари томонидан тақдимотлар тарзида олиб борилди ва иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Семинарнинг иккинчи кунида ҳам қизғин савол-жавоблар ва муҳокамалар давом этди. Жумладан, “Натижага асосланган кредитлаш дастури” доирасида Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган дастурлар, уларни баҳолаш мезонлари (техник баҳолаш, ишончли молиявий бошқарув тизимларни баҳолаш, атроф-муҳит ва ижтимоий тизимларни баҳолаш) ва эришилиши кутилаётган натижалар бўйича фикрлар алмашилди.
Шунингдек, иштирокчилар томонидан Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳаларидаги лойиҳаларни “Натижага асосланган кредитлаш дастури” доирасида молиялаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар амалга оширилиши бошланган ва келгусидаги ривожлантириш дастурларини молиялаштириш масалаларида ҳамкорликни янада юксалтиришга келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати








