Ўзбекистон ва Франция ўртасида яшил иқтисодиёт ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда
2025-03-19 12:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Франция томонидан учрашувда “Expertise France” агентлигининг Бош ижрочи директори Жереми Пелле, бош директор маслаҳатчиси Сара Бубакри, Франция Тараққиёт Агентлигининг (AFD) Минтақавий координатори Луиз Пудре Арди, AFDнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Оливье Грандвуане, “Expertise France” агентлигининг Барқарор ва инклюзив иқтисодиёт бўлими раҳбари Северин Питерс-Дестеракт, Ўзбекистон бўйича техник ёрдам дастури раҳбари Марина Моро, Ўзбекистон бўйича техник ёрдам дастури раҳбари ўринбосари Ўткиржон Холбадалов ҳамда Ўзбекистон Энергетика трансформацияси лойиҳаси гуруҳи раҳбари Мурод Саидахамедов иштирок этдилар.
Мазкур учрашувда, ўзбек томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, вазир ўринбосари Умид Абидхаджаев, Яшил иқтисодиётга ўтиш ва ривожлантиришни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Шохзод Исламов, Ер ислоҳотлари ва ҳудудлар мастер режаларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Шерзод Отабоев, вазирликнинг Яшил иқтисодиёт бўйича маслаҳатчиси Жеан-Луc Погет ва бошқа тегишли масъул раҳбар ва мутахассислар қатнашдилар.
Маълумот учун: Франция Тараққиёт Агентлиги (AFD) — Франция ҳукуматининг халқаро тараққиёт ва молиявий ҳамкорлик соҳасидаги асосий институти бўлиб, барқарор ривожланиш ва яшил иқтисодиёт лойиҳаларини молиялаштириш ва техник кўмак кўрсатишга ихтисослашган. AFD дунё бўйлаб 115 та давлатда фаолият юритади.
Expertise France — AFD гуруҳининг техник ҳамкорлик шўба ташкилоти бўлиб, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва экология йўналишларида техник ёрдам ва консультация хизматларини тақдим этади.
Учрашув давомида муҳокама қилинган асосий масалалар:
- “Яшил иқтисодиёт сиёсатини кредитлаш дастури” (Green Economy Policy Loan Program) ва “Яшил иқтисодиётга техник ёрдам дастури” (GETAP) доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва натижалари;
- Иссиқхона газлари чиқиндиларини мониторинг қилиш ва ҳисобот бериш тизими (MRV), яшил бюджетлаштириш, яшил солиқ тизими ва CBAM (Трансчегаравий углеродни тартибга солиш механизми) юзасидан олиб борилаётган ишлар ва истиқболли режалар;
- Қазилма ёқилғи субсидияларини босқичма-босқич қисқартириш, яшил бинолар ва барқарор урбанизацияни ривожлантириш, барқарор давлат харидлари ҳамда давлат корхоналарида ESG тамойилларини жорий этиш бўйича ҳамкорлик йўналишлари;
- 2025–2026 йилларда AFD томонидан ажратилиши режалаштирилган 100 миллион евро миқдоридаги молиявий ёрдам ва техник кўмак лойиҳалари бўйича ҳамкорлик стратегияси.
Мулоқотлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлиги билан Expertise France гуруҳи ўртасида Энергия сиёсати ва иқлимни қўллаб-қувватлаш соҳасида ҳамкорлик ва алмашув тўғрисида Англашув Меморандуми имзоланди.
Мазкур Меморандум, Франция Тараққиёт Агентлиги ва Осиё Тараққиёт Банки томонидан молиялаштирилаётган “Энергия сиёсати ва иқлимни қўллаб-қувватлаш кредит дастури” доирасида амалга оширилади. Ушбу ҳужжат асосида, Expertise France томонидан ажратилган 1,5 миллион евро техник кўмак маблағлари ёрдамида Ўзбекистон энергетика сиёсатини ислоҳ қилиш ва барқарор ривожланишга хизмат қилувчи янги ҳамкорлик йўналишлари ривожлантирилади.
Меморандумнинг мақсади - республикада энергия самарадорлигини ошириш, энергетика тизимини декарбонизация қилиш ва хусусий инвестицияларни жалб қилиш орқали барқарор энергия сиёсатини шакллантиришга кўмаклашишдан иборат.
Музокаралар якунида томонлар яшил иқтисодиёт ислоҳотларини жадаллаштириш, яшил мастер режаларни ишлаб чиқиш орқали шаҳарларни бир бири билан тезкор транспорт билан боғлаш ва халқаро стандартларга мос равишда иқтисодиётни модернизация қилиш, шунингдек, Франция Тараққиёт Агентлиги ва Expertise France билан ҳамкорликни кенгайтириш, техник ва молиявий салоҳиятни мустаҳкамлашга келишиб олдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати





