Самарқанд вилоятида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди
2025-03-17 11:05:00 / Вазирлик янгиликлари

Сайёр қабулда Самарқанд вилоятининг Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси, Ғазначилик хизмати бошқармаси, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Кадастр агентлиги, Самарқанд шаҳар ва туман Иқтисодиёт ва молия бўлими раҳбар ва масъуллари ҳамда маҳаллий ҳокимият мутасаддилари иштирок этди.
Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган қабулда 130 нафарга яқин фуқаронинг мурожаатлари тингланди. Мазкур мурожаатларнинг аксарияти уй-жойга муҳтож оилалар томонидан имтиёзли кредит асосида турар-жой харид қилиш учун субсидиялар ажратилиши, ижтимоий соҳа масалалари (соғлиқни сақлаш, мактаб ва мактабгача таълимга оид), давлат бюджети маблағларининг йўналтирилиши (“Ташаббусли бюджет”, кўп қаватли уйларнинг фасад қисмини таъмирлаш учун ажратилган ссуда маблағи ҳисобидан қарздорликни қоплаш) ҳамда кадастр фаолияти билан боғлиқ масалаларга оид бўлиб, уларнинг аксарияти жойида ўз ечимини топди.
Сайёр қабул давомида ҳар бир мурожаат тегишли бошқарма ва ташкилот раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилиб, 28 таси мутахассислар бошчилигида жойида ижобий ҳал этилди, 54 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди. Шунингдек, ўрганиш ва қонуний ҳал этиш учун қўшимча муддат талаб этиладиган 48 та мурожаат бўйича тегишли идораларнинг мутасаддилари зиммасига аниқ вазифалар юкланди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати






