«Бюджет ташкилотларида ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқилиши» мавзусида онлайн семинар ўтказилди
2025-03-04 17:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Онлайн семинарни Давлат органлари ички аудит тузилмалари фаолиятини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Азамат Жабборов кириш сўзи билан очиб берди. Унда ички аудит хизматлари ва молия-бухгалтерия тузилмаларининг ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб бориши муҳимлиги таъкидлаб ўтилди.
Шундан сўнг, Бюджет жараёнини такомиллаштириш ва ҳисоби услубиёти бошқармаси бошлиғи Бекзод Нарзуллаев Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (1-сонли БҲС) «Ҳисоб сиёсати» асосида бюджет ташкилотларида ҳисоб сиёсатининг аҳамияти ва заруриятига тўхталиб ўтди. Шу билан бирга ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқилиши бўйича тақдимот қилинди.
Тақдимотда қуйидаги йўналишларда ҳисоб сиёсатининг таркибий қисми сифатида тушунтиришлар берилди:
– Ҳисоб сиёсатини шакллантириш ва унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш асослари;
– Бюджет ташкилотининг бухгалтерия хизмати ташкилий тузилмаси;
– Бюджет ташкилотида инвентаризация ўтказишнинг тартиби ва муддатлари;
– Асосий фондларни қайта баҳолаш услублари;
– Инвентаризация қилишда (ортиқча ёки камомадда) мулкни баҳолаш услублари;
– Товар (иш, хизмат)лар калькуляциясини шакллантириш тартиби;
– Ҳисоб сиёсатининг принциплари;
– Ҳисобот сиёсатида ахборотни очиб бериш.
Семинар қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавоб кўринишида ўтди. Семинар иштирокчилари томонидан берилган саволларга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ходимлари томонидан атрофлича жавоб берилди.
Шу билан бирга, келгусида бюджет ҳисобининг стандартлари бўйича семинарлар ташкил қилишни қайси стандартлардан бошлаш бўйича иштирокчилар ўртасида сўров ўтказилди.
Сўров натижаларига кўра бюджет ҳисоботи, ягона счётлар режаси ва товар моддий заҳиралар бўйича бюджет ҳисоби стандартлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотиши маълум бўлди.
Келгусида ҳам бюджет ҳисоби стандартларига доир шу каби семинарлар ташкил этилишига келишиб олинди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати




