“Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди
2025-03-05 17:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Фармонга кўра:
республикадаги мавжуд 8 миллиондан ортиқ турар ва нотурар жойлар, 7 миллионга яқин ер участкаларининг иқтисодий актив сифатидаги қиймати аниқланади;
кўчмас мулк объектининг олди-сотди қилиш, гаровга қўйиш, жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш, солиқ солиш, ва бошқа ҳолатлар учун аниқланадиган қиймати ўзаро мутаносиб бўлиши таъминланади;
кўчмас мулк бозорига оид ишончли, тўлиқ ва даврий равишда янгиланиб борадиган ахборот базаси яратилади;
солиқ солишда адолатлилик тамойили янада кенг жорий этилади.
Ҳужжатга кўра, 2025 йилдан бошлаб босқичма-босқич барча кўчмас мулк объектлари уларнинг бозор нархига яқин бўлган қийматини аниқлаш мақсадида даврий равишда оммавий баҳолашдан ўтказилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги – кўчмас мулкни оммавий баҳолаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи орган этиб белгиланди. Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш соҳасида ижро этувчи орган сифатида Кадастр агентлиги ҳузурида Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази ташкил этилади.
Оммавий баҳолаш ишлари қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
2025–2026 йилларда – эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида;
2026–2027 йилларда – Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида;
2027 йил ва ундан кейинги йилларда – қолган ҳудудларда.
2025 йил 1 декабрга қадар Тошкент шаҳридаги экспериментнинг дастлабки натижаларидан келиб чиқиб, оммавий баҳолашдан ўтказилган мол-мулклар ва ер участкалари учун мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича солиқ солинадиган базани қайтадан белгилаш ва солиқ ставкаларини пасайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилади.
Бозор нархига асосланган кўчмас мулк қийматининг жорий этилиши кўчмас мулкка солинадиган солиқ ставкаларини пасайтириш ҳамда солиқ солишда адолатлилик тамойилларини таъминлашга асосланган кўчмас мулкни солиққа тортиш тизимини яратиш имконини беради.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати
