Грузиянинг Давлат харидлари агентлиги билан ҳамкорлик ўрнатилди
2025-03-05 18:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Грузиянинг электрон давлат харидлари тизими Европа Иттифоқининг давлат харидлари бўйича белгиланган талаблари асосида ишлаб чиқилган энг самарали тизимлардан бири саналади. Ушбу тизим давлат харидлари соҳасида ислоҳотларни амалга оширишга интилаётган мамлакатлар учун намунага айланди.
Грузияда электрон харидлар тизими жорий этилиши натижасида эркин ва адолатли рақобатни ривожлантириш, шунингдек, коррупция хавфини сезиларли даражада камайтиришга эришилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида давлат харидлари соҳасини тартибга солувчи қонунчилик базаси такомиллаштирилди. Шу билан бирга, давлат харидларининг шаффофлигини таъминлаш ва уларга оид маълумотлардан эркин фойдаланиш имконини берувчи электрон давлат харидлари тизими амалиётга жорий қилинди.
Соҳани илғор хорижий тажрибалар асосида ислоҳ қилиш ва бу борада халқаро ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш долзарб вазифалардан биридир.
Шу муносабат билан, Ғазначилик хизмати қўмитаси тадбир доирасида Грузиянинг Давлат харидлари агентлиги билан давлат харидлари соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзолади.
Ушбу меморандумда давлат харидлари электрон тизимларини такомиллаштириш, соҳада сунъий интеллект воситаларидан фойдаланишни кенгайтириш, давлат харидларини марказлашган ҳолда амалга ошириш ҳамда “яшил” давлат харидларини қўллаб-қувватлаш тизимини ривожлантиришда ўзаро тажриба алмашиш кўзда тутилган.
Грузиянинг давлат харидлари соҳасидаги муваффақиятли тажрибаси ва замонавий механизмлари Ўзбекистонда давлат харидлари тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати

