Франция тараққиёт агентлиги вакиллари билан транспорт инфратузилмасини ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди
2025-02-12 16:05:00 / Вазирлик янгиликлари
Жорий йилнинг 12 февраль куни Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ва вазир ўринбосари Илҳомжон Умрзаков ҳамда Франция тараққиёт агентлигининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Olivier Grandvoinet ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Франция тараққиёт агентлигининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Antoine Chevalier, Халқаро даражадаги стратегик маслаҳатчи ва иқтисодий ривожланиш бўйича эксперт Adamas Ilkevičius, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Трансформация офиси раҳбари Ойбек Каримов ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар мамлакатимизда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда амалга оширилаётган иқтисодий жараёнларни муҳокама қилди.
Хусусан:
- Транспорт соҳасини янада ривожлантириш – темир йўл транспорти соҳасида замонавий лойиҳаларни амалга ошириш, янги инфратузилмавий лойиҳаларни шакллантириш ҳамда жаҳоннинг илғор ва муваффақиятли тажрибаларини жорий этиш;
- Давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳалар – транспорт, жумладан, йўллар қурилиши, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ва уларнинг натижалари;
- Яшил трансформация жараёнлари – энергия самарадорликни ошириш, тежамкор ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенгроқ фойдаланиш, замонавий ва яшил технологиялар асосида иссиқлик таъминоти тизимини шакллантириш, жумладан, иситиш насосларидан фойдаланиш;
- Ҳудудларни барқарор ривожлантириш – ҳудудларда транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилаётган мастер-режалар ва уларни амалга ошириш жараёнларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ҳамда белгиланган мақсадларга эрисишда тизимли ва самарали фаолият олиб боришга келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати

