Ер майдонларини аҳоли ва тадбиркорларга ижарага бериш бўйича янги тизим яратиш тўғрисида
2025-02-05 20:25:00 / Вазирлик янгиликлари
Фармон лойиҳаси Янгийўл, Ўртачирчиқ, Поп, Қува туманларидаги
мева-сабзавотга ихтисослашган деҳқонлар, Қорақалпоғистон, Жиззах
ва Андижон вилоятидага йирик хўжаликлар раҳбарлари, Жаҳон банки экспертлари билан бир неча бор муҳокама қилинди.
Янги тизимни синаб кўриш учун (пилот лойиҳа сифатида) ҳозир бўш турган, 2025 йил ҳосили учун пахта ва ғалла жойлаштирилмаган
3 317 гектар ер танлаб олинди (Қорақалпоғистон – 1 208 га, Андижон –
630 га, Жиззах – 512 га, Тошкент (Янгийўл ва Ўртачирчиқ) - 954 га).
Бундан ташқари, ҳозирда фермерлар томонидан фойдаланаётган жами 2 222 гектар ер майдонининг ўртача 80 фоиз (1 778 га) қисмига нисбатан ижара ҳуқуқидан ихтиёрий равишда воз кечиб, ушбу ерларни янги тизим асосида аукцион савдоларига чиқарилади.
Янги тизим бўйича 2025 йилда жами 5 094 гектар ер майдонлари аукционга чиқарилиши ҳисоб-китоб қилинди.
Ушбу ишларни қуйидаги тартибларда амалга оширилади:
- Ерлар контурлар яхлитлиги ва суғориш тизимини бузмаган ҳолда, 3 гектардан 50 гектаргача ўлчамда савдога чиқарилади;
Деҳқон хўжаликларига 253 минг гектар ер ажратишда яхлит контурлар 10 сотихдан 1 гектаргача лотларга бўлиб сотилган.
- Ҳар бир лот ҳужжатида ернинг норматив қиймати, бонитет бали, тупроқ таркиби ва сифати таҳлили натижалари, алмашлаб экиш тавсия этиладиган асосий ва такрорий экин турлари бўлади;
- Ижара муддати 49 йил бўлади (ҳозир 30 йил);
- Аукционда бошқа вилоятдан келганлар, олдин ер олганлар ҳам, қўшма ва хорижий корхоналар ҳам чекловларсиз иштирок эта олади;
- Ҳар бир лот учун сувнинг йиллик энг паст ва энг юқори лимити белгиланади, давлат (Сув хўжалиги вазирлиги ва ҳокимият) лимит доирасида сув етказиб беришни кафолатлайди;
- Аукцион ерга 49 йиллик ижара ҳуқуқини қўлга киритиш учун ўтказилади. Бошланғич нарх – ер норматив қийматининг 50 фоизи миқдорида;
1 гектар ернинг норматив қиймати (аукциондаги бошланғич нархи) – Арнасойда 12 млн сўмдан Янгийўлда 120 млн сўмгача (ерни 49 йилга олади).
Ҳозирда такрорий экин экиб олиш учун ернинг “қора бозор”даги нархи – Арнасойда 3 млн сўмдан, Янгийўлда 13 млн сўмгача (ерни бир мавсумга олади).
ғолиб аукционда аниқланган нархни 15 кун ичида тўлиқ тўлаши шарт (амалдаги тартибда 5 ёки 10 йилга бўлиб-бўлиб тўлайди).
Бир-тўла тўлашнинг афзалликлари: 1) нарх сунъий ошиб кетмайди; 2) фақат салоҳиятли тадбиркорлар қатнашади; 3) давлат билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилгани учун, ижарачи – ҳақиқий ер эгасига, ижара ҳуқуқи – ҳақиқий бозор активига, олди-сотди ва гаров объектига айланади.
Ҳозиргидан фарқли равишда, сотилмаган лотларнинг нархи
10 фоиздан камайтириб борилади (бошланғич нархнинг 20 фоизигача).
- Аукцион ғолиби қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:
а) экин тури, нави ва ҳажмини мустақил белгилаш, пахта ва ғаллани фақат ўзи маъқул деб ҳисоблаган тақдирдагина етиштириш;
б) ижара ҳуқуқини бошқа шахсга сотиш (қайта ижарага бериш), гаровга қўйиш, ерни иккиламчи ижарага бериш;
в) йиллик лимитлар доирасида кафолатланган ҳажмда сув олиш;
г) дала четида 20 сотихгача, лекин контурнинг 1 фоизидан ошмаган қисмида енгил конструкцияли музлатгичли омборхоналар, саралаш, қадоқлаш жойлари, сув тежовчи технологияларни жойлаштириш.
- Янги тизимни самарали ташкил этиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурида “Лойиҳа офиси” ва 6 та ҳудудда вилоят ҳокимликлари ҳузурида алоҳида дирекциялар ташкил этилади.
- Органик маҳсулот етиштиришни рағбатлантириш мақсадида,
бу ҳақида халқаро сертификат олган деҳқон ва фермерларга ер солиғидан 3 йилга 50 фоиз имтиёз бериш таклиф этилмоқда.
10. 2026 йилдан қишлоқ хўжалиги ерларига ер солиғини ҳисоблашда халқ депутатлари Кенгашлари қарорлари билан ер солиғига оширувчи ва пасайтирувчи коэффициентлар қўллаш.
