Франциянинг “Bureau Veritas” компанияси вакиллари билан мамлакатимизда яшил иқтисодиётни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
2025-02-07 20:33:00 / Вазирлик янгиликлари

Маълумот учун: “Bureau Veritas” 1828 йилда Францияда ташкил этилган бўлиб, дунё миқёсида нуфузли сертификацияловчи аудиторлик компанияларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда компания таркибига 80 мингдан ортиқ мутахассислар фаолият олиб боради, шунингдек компания 5 та йирик минтақавий офисларга эга.
Шунингдек, компания “яшил” иқтисодиёт соҳасида турли хизматлар, яъни лойиҳаларни углерод бирликлари савдосига мувофиқлигини текшириш, углерод бирликлари савдоси лойиҳаларини валидация ва верификациядан ўтказиш каби хизматларни кўрсатади.
Мулоқот давомида томонлар мамлакатимизда яшил иқтисодиётни ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, ушбу йўналишда ҳамкорлик олиб бориш имкониятлари ва йўналишлари бўйича муҳокамалар олиб борди.
Жумладан:
· Барқарор иқтисодий ривожланишнинг асосий йўналишларидан бири сифатида яшил ўсишни таъминлаш – яшил иқтисодиётни ривожлантиришни рағбатлантириш, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг яшил тамойилларга асосан фаолият олиб боришининг аҳамияти;
· Углерод бирликлари савдоси ва уларнинг текшируви – углерод бирликлари савдоси бўйича халқаро стандартларга мувофиқ валидация (текшириш) ва верификация (тасдиқлаш) хизматларини ташкил этиш;
· Ҳамкорлик истиқболлари - “Bureau Veritas” компаниясининг ушбу йўналишдаги бой тажрибаси ва халқаро тажрибалар асосида ҳамкорлик олиб бориш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, муҳокамалар давомида тадбиркорларни халқаро стандартлар, углерод изини камайтириш технологиялари ва сертификатлаш жараёнлари бўйича кенг қамровли ахборот билан таъминлаш ҳамда Барқарор яшил ўсишни таъминлаш учун экологик барқарор технологияларни татбиқ этиш ва бизнесларнинг атроф-муҳитга бўлган масъулиятини оширишнинг муҳим эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва янада кенгайтириш ҳамда белгиланган мақсадларга эришишда самарали ва тизимли фаолият олиб боришга келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати


