Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси ва “Franklin Templeton Asset Management” МЧЖ XK ўртасида инвестиция активларини бошқариш бўйича шартнома имзоланди
2025-02-03 12:00:00 / Вазирлик янгиликлари
Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 августдаги
ПҚ-303-сонли қарорига асосан 2024 йилнинг 24 декабрида рўйхатдан ўтказилган бўлиб, унинг капитали давлатга тегишли 18 та корхона ва тижорат банкларининг 20 фоиздан 40 фоизгача бўлган акция пакетларини ўтказиш эвазига шаклланади. Жамғарманинг ягона таъсисчиси – Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.
Franklin Templeton Сингапурдаги “Franklin Templeton Capital Holdings Private Limited” компанияси томонидан ташкил этилган. Ўз навбатида, ушбу компания дунёдаги энг йирик профессионал активларни бошқарувчи компанияларидан бири бўлган, Америка Қўшма Штатларида 1947 йилда ташкил топган ва бугунги кунда 30 тадан ортиқ мамлакатларда фаолият юритаётган “Franklin Templeton Investments, Inc.” шўъба корхонаси ҳисобланади.
Шартномага кўра, Franklin Templeton Жамғармага тегишли бўлган 18 та давлат корхонаси ва тижорат банклари акцияларидан иборат инвестицион портфелни бошқариб, уларнинг инвестицион жозибадорлигини оширишга қаратилган трансформация дастурларини амалга оширади. Мазкур трансформация дастурлари амалга оширилгандан сўнг Жамғарма ҳамда унинг бошқарувидаги корхоналар ва банклар акциялари маҳаллий ва халқаро фонд биржаларига олиб чиқилади.
Бунинг учун, Franklin Templeton томонидан Жамғармага тегишли давлат корхоналари ва тижорат банклари стратегияларини қайта кўриб чиқиш, уларда корпоратив бошқарув тизими, молиявий самарадорлиги, ички аудит ва рискларни бошқариш тизимини жаҳон стандартларига мослаштириш, ходимлар малакасини оширишга қаратилган трансформация дастурлари амалга оширилади.
Дунё миқёсида тан олинган Franklin Templeton каби компаниянинг Ўзбекистонда фаолият юритиши – хорижий инвесторларнинг мамлакатимизга қизиқишини ошириб, инвестицияларнинг кўпайишига хизмат қилади.
