“Хотин-қизларни электрон тижоратга ўқитиш ҳамда электрон тижоратда ишлаш кўникмаларини шакллантириш” бўйича тренинг бўлиб ўтди
2025-02-03 17:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Маълумот учун: Швейсария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC) томонидан молиялаштириладиган Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги ҳамда БМТТДнинг “Ёшларнинг рақамли иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорликни ривожлантириш имкониятларини кенгайтириш” қўшма лойиҳасининг мақсади ёшлар, айниқса, хотин-қизларни рақамли тадбиркорлик кўникмалари, воситалари ва имкониятлари билан таъминлаш орқали уларнинг ишга жойлашиш имкониятларини, рақобатбардошлигини ва COVID-19 ҳамда шунга ўхшаш инқирозларга барқарорлигини ошириш, шу орқали тенгсизликни камайтириш, инклюзив, инновацион ва барқарор иқтисодий ўсиш ҳамда иш ўринлари яратишни таъминлашдир.
Лойиҳа учта асосий йўналишга қаратилган:
рақамли тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва ёш тадбиркорларнинг рақамли кўникмаларини ошириш;
ёшларга қаратилган рақамли иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорлик сиёсатини ривожлантириш учун институционал салоҳиятни кучайтириш ва ёшларнинг молиявий инклюзиясини яхшилаш учун молиявий ечимларни топиш;
рақамли тадбиркорлик лойиҳалари ва стартапларини ривожлантириш имкониятлари.
Тренингнинг асосий мақсади Шаҳрисабз туманида 100 нафар хотин-қизларни электрон тижоратга ўқитиш ҳамда электрон тижоратда ишлаш кўникмаларини шакллантириш, меҳмонхона хизматларини рақамли технологиялар орқали такомиллаштириш, шунингдек, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва жамиятда иқтисодий фаол бўлишлари учун зарур рақамли билим ва юмшоқ кўникмалар билан таъминлашдан иборатдир.
Тренингнинг биринчи қисмида Иштирокчилар назарий билимлар ва амалий машғулотлар орқали Электрон тижоратнинг асослари, мижозларни жалб қилиш, онлайн маҳсулотларни ва хизматларни сотиш, ижтимоий тармоқлар ва рақамли маркетинг, онлайн букинг тизимларида ишлаш каби мавзуларда кенг кўламли тушунчага эга бўлди.
Тадбирнинг иккинчи қисми менторлик дастурлари асосида ташкил этилди. Тренингда фаол қатнашган ва рақамли иқтисодиёт соҳасида фаолиятини давом эттириш истаги бўлган иштирокчилар тажрибали менторларга бириктирилиб, келгусида менторлар танлаб олинган иштирокчиларга маслаҳатлар бериб, уларнинг лойиҳаларини амалга оширишда ёрдам беради.
Тренинг орқали қуйидаги натижаларга эришилди:
Иштирокчилар электрон тижоратнинг асосий тушунчалари билан танишиб, маҳсулот ва хизматларни интернет орқали сотиш ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали маркетинг қилиш бўйича амалий кўникмаларни эгаллади.
Электрон тижорат соҳасида муваффақиятга эришиш учун зарур бўлган шахсий брендни яратиш ва уни ривожлантириш ҳамда онлайн буюртмаларни қабул қилиш, буюртмаларни бошқариш ва мижозлар билан мулоқот қилиш бўйича кўникмалар тўғрисида маълумотлар олди.
Тажрибали тадбиркорлар ва менторлар билан мулоқот қилиш ҳамда улардан билим олиш имконияти яратилди.
Гуруҳда ишлаш машғулотлари ва муҳокамалар орқали иштирокчилар жамоада ишлаш маҳоратларини оширди.
Иштирокчилар ўртасида алоқалар ўрнатиш, тажриба алмашиш ва ҳамкорликни ривожлантириш учун шароит яратилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати







