“Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди
2025-01-18 18:00:00 / Вазирлик янгиликлари
Низом Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрини шакллантириш
ва юритиш тартибини белгилайди.
Қуйидагилар Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритилади:
- харид қилиш тартиб-таомиллари якунлари бўйича белгиланган шартлар асосида давлат буюртмачиси билан шартнома тузишни ва давлат харидларини амалга оширишни рад этган ёки бошқача усулда бўйин товлаган харид қилиш тартиб-таомиллари ғолиблари;
- мажбуриятларни бажармаганликда ёхуд тегишли тарзда бажармаганликда белгиланган тартибда айбдор деб топилган ижрочилар, бундан мажбуриятлар бартараф этиб бўлмайдиган кучлар оқибатида бажарилмаган ёки тегишли тарзда бажарилмаган ҳоллар мустасно;
- давлат харидлари жараёнида ёлғон ёки сохта ҳужжатларни тақдим этган, айни битта лотда иштирок этган аффилланган шахслар ёки манфаатлар тўқнашуви тўғрисида маълумотларни очиб бермаган иштирокчилар;
- суднинг қарорига кўра фирибгарлик, сохталаштириш ва коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган ижрочилар.
Мурожаатчи Иқтисодиёт ва молия вазирлигига иштирокчи ёки ижрочини Реестрга киритиш юзасидан ёзма ёки электрон шаклда ариза билан Реестрга киритиш учун асос бўлган ҳужжатларни, шунингдек, суднинг тегишли қарорини илова қилган ҳолда мурожаат қилиши мумкин.
Давлат харидлари якунлари бўйича давлат буюртмачиси билан шартнома тузишни ва давлат харидларини амалга оширишни рад этган ёки бошқача усулда бўйин товлаган ғолиб Реестрга автоматик тарзда киритилади.
Мазкур Низом расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати
