“Al Arkkan Training Center” компанияси делегацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2025-01-21 15:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Маълумот учун: Al Arkkan Training Center - Саудия Арабистони Подшоҳлигида биринчи бўлиб ресторанлар, супермаркетлар, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар ва кирхоналар ходимлари учун озиқ-овқат хавфсизлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ўқув дастурларига ихтисослашган ўқув компанияси ҳисобланади.
Делегация таркибида компания ижрочи директори Муҳаммад Алфассам, молия директори Файсал Сиддиқ иштирок этди, шунингдек, учрашувда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъул вакиллари иштирок этди.
Учрашув бошида компания делегацияси ўз фаолияти ҳақида маълумот бериб ўтди ҳамда хавфсизлик ва барқарор ривожланишга алоҳида эътибор қаратган ҳолда касб-ҳунар таълими соҳасидаги кўп йиллик тажрибаси билан ўртоқлашди.
Шунингдек, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва иқтисодиётнинг асосий соҳаларини ривожлантиришга қаратилган масалалар муҳокаманинг асосий мавзуси бўлди. Айниқса, озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги таълим дастурларига алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокаманинг энг муҳим жиҳатларидан бири халқаро стандартларга жавоб берадиган малакали тиббиёт ходимлари ва ҳамширалар тайёрлаш учун Ҳамширалар коллежини ташкил этиш таклифи бўлди. Бу, ўз навбатида, ушбу йўналишда глобал миқёсдаги талабга мос келади.
Томонлар кўрсатилган соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёрликларини билдирдилар, узоқ муддатли мақсадларга эришиш учун самарали ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати



