Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Глобал экологик жамғармасининг (GEF) Кичик грантлар дастури (SGP) ҳамкорлигида иссиқлик насосларини жорий этиш ишлари олиб борилмоқда
2024-12-18 20:05:00 / Вазирлик янгиликлари

Ўрганишда Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдураҳим Умаров, Боёвут тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Ўткир Сарибоев, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Яшил иқтисодиётга ўтиш ва ривожлантиришни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи, Глобал экологик жамғармаси Кичик грантлар дастурининг Ўзбекистондаги миллий координатори Алексей Волков, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбарлари ҳамда Боёвут тумани 19-сон умумий ўрта таълим мактаби директори Мухтарам Ҳасанова иштирок этди.
Мазкур лойиҳа Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Глобал экологик жамғармасининг (GEF) Кичик грантлар дастури (SGP) билан биргаликда амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида мактабда экологик ва тоза технологияларни жорий этиш орқали куз-қиш мавсумида мактабнинг 20 дан ортиқ ўқув хоналари доимий иситиш тизими билан таъминланмоқда.
Лойиҳа натижасида, мактабни иситиш жараёнига 16,5 баравар камроқ вақт сарфланди, ўрнатилган 2 та иссиқлик насослари кунлик 1437 кВт*с электр энергия ишлатилди, 38 тонна кўмир ёқилиши ва зарарли моддалар ҳавога ташланиши олди олинди, шунингдек, хоналарнинг иссиқлик бўйича санитар нормаси бажарилди.
Ушбу синов лойиҳа натижаларидан келиб чиқиб, шунингдек, ижтимоий соҳа объектларини тоза энергия ресурслари билан таъминлаш орқали табиат ресурсларни сақлаш, табиатга зарар етказмаслик ва аҳоли саломатлигини сақлаш, соғлом турмуш тарзини таъминлаш мақсадида келгусида бошқа ижтимоий соҳа объектларида ҳам иссиқлик насосларидан фойдаланишни кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати


