“Менинг мактабим” лойиҳаси доирасида таклиф киритиш жараёни бошланди
2024-12-18 11:50:00 / Вазирлик янгиликлари
18 декабрдан бошлаб, лойиҳа доирасида таклиф киритиш жараёни бошланди. Бунда, 5-синфдан 11-синфгача бўлган ҳар бир ўқувчи фақатгина ўзи таълим олаётган умумтаълим мактабларини жиҳозлаш ёки қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширишга доир лойиҳаларни илгари суриши мумкин.
Ўқувчилар лойиҳаларини синф раҳбарлари кўмагида ўзининг телефон, планшет қурилмалари ёки мактабдаги мавжуд компьютер ва ноутбуклардан фойдаланган ҳолда киритади. Ўқувчиларга қулайлик яратиш мақсадида мактаб раҳбарияти томонидан лойиҳаларни шакллантириш ва Порталга киритиш учун интернет алоқаси мавжуд компьютерлар билан жиҳозланган информатика хонасидан фойдаланиш имконияти яратилади.
Ўқувчилар лойиҳаларни Порталдаги “Менинг мактабим” бўлими орқали киритади. Порталдан фойдаланиш учун ҳар бир ўқувчига автоматик тарзда Порталда “калит сўзлар” шакллантирилади. Калит сўзлар ўқувчилар ота-оналарининг телефон рақамларига SMS хабар орқали юборилади.
Синф раҳбарлари ҳар бир ўқувчига ўзининг махсус “калит сўз”ларини махфий тутиши ҳамда учинчи шахсларга ошкор этмаслиги ҳақида тушинтириш беришлари керак.
Ўқувчилар қуйидаги усуллардан фойдаланган ҳолда ўз лойиҳаларини илгари суришлари мумкин:
автоматик тарзда — лойиҳа намуналари орасидан ўзига ёққан лойиҳани танлаш орқали;
мустақил равишда — тақдим этилган лойиҳа намуналари орасида мавжуд бўлмаган лойиҳаларни янгидан шакллантириш орқали.
Лойиҳалар мустақил равишда шакллантирилган тақдирда ўқувчи томонидан лойиҳанинг мазмуни, лойиҳадан эришиладиган натижа ҳамда унинг дастлабки қиймати кўрсатилиши лозим.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати
