Жаҳон банки вакиллари билан музокаралар бўлиб ўтди
2024-12-16 16:35:00 / Вазирлик янгиликлари

Музокаралар давомида Ўзбекистоннинг қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги мақсадлари, лойиҳаларнинг аҳамияти ва улар учун зарур техник ҳамда молиявий ечимлар муҳокама қилинди. Бундан ташқари, кичик гидроэнергетика сектори учун потенциал молиялаштириш ва инвестиция лойиҳасини тайёрлашда Жаҳон банкининг кўмаги муҳокама қилинди.
Йиғилишда микро-гидроэлектр станцияларни ривожлантириш мамлакатнинг энергия хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ ҳудудларидаги электр таъминотини яхшилаш ва кичик бизнес учун янги имкониятлар яратишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Жаҳон банки вакиллари кичик ва микро-гидроэнергетика соҳасида бир нечта йирик техник тадқиқотларни амалга оширганини, хусусан, 2021 йилда кичик ва ўрта гидроэнергетика имкониятларини баҳолаш бўйича дастлабки тадқиқотлар олиб борилганини эслатиб ўтди. Музокараларда ушбу тадқиқотлар асосида танланган лойиҳаларни амалиётга жорий этиш учун янги техник ёрдам ва молиявий механизмлар ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди.
Ўзбекистон томони Жаҳон банки билан яқин ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди ҳамда мамлакатдаги бир нечта кичик гидростанцияни қуриш режаси устида биргаликда иш олиб бориш зарурлигини таъкидлади. Музокаралар давомида молиялаштириш, техник экспертиза ва экологик жиҳатлар бўйича муаммоларни ҳал этиш учун тезкор ишчи гуруҳ ташкил этилиши ҳам келишиб олинди.
Йиғилиш якунида томонлар ҳафталик учрашувлар давомида мавжуд саволларга жавоб топиш ва лойиҳа тайёргарлигини жадаллаштириш бўйича келгусидаги амалий қадамларни белгилаб олди. Жаҳон банки вакиллари ушбу лойиҳага ўзининг юқори даражадаги эътиборини намоён этиб, лойиҳа доирасида ҳар икки томоннинг фаол иштирокини таъминлашга чақирди.
Музокаралар доирасида Жаҳон банкининг гидроэнергетика соҳасидаги аввалги ютуқлари ва Ўзбекистонда жорий этилган техник ёрдам лойиҳалари муҳокама қилинди. Хусусан, гидроэнергетика соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмларини ривожлантириш ҳамда инвесторларни жалб қилиш масалалари алоҳида эътиборга олинди.
Келгусида томонлар лойиҳаларни самарали амалга ошириш учун мунтазам равишда мулоқот ва техник ёрдамни кучайтиришга келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати


