Ички аудитнинг янгиланган халқаро стандартларини амалиётга жорий этиш бўйича онлайн семинар ўтказилди
2024-12-13 11:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Маълумот учун: PEMPAL 2006 йилда Жаҳон банки кўмагида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда давлат бюджети, ғазначилик ижроси ва ички аудит ҳамжамиятлари мавжуд.
Дастурни ташкил этишдан асосий мақсад — давлат бюджети, ғазначилик ижроси ва ички аудит соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, илғор халқаро амалиёт асосида қўлланмалар тайёрлаш, аъзо мамлакатлар экспертларининг ўзаро тажриба алмашиши учун мулоқот майдонини яратиш ҳисобланади. Дастур таркибида ташкил этилган ички аудит ҳамжамияти 30 дан ортиқ мамлакатлар амалиётчилари ва экспертларини ўзида жамлаган.
Семинарда Жаҳон банки эксперти, Давлат молиясини бошқариш бўйича халқаро ҳамкорлик таълим дастури (PEMPAL) раҳбари Арман Ватян, тақдимотчилар сифатида Жаҳон банки эксперти, Европа иттифоқи ички аудитни ривожлантириш қўмитаси аъзоси, Ички аудиторлар институти халқаро кенгаши собиқ раҳбари Жан-Пьер Гарит, Белгия Республикаси Федерал Ички аудит департаменти бош аудитори Кэтлин Меганк, Албания Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ички аудитни мувофиқлаштириш тузилмаси раҳбари, Ички аудит ҳамжамиятининг ижроия қўмитаси раиси Альбана Гинопулли, Черногория Республикаси Подгорица шаҳри ички аудит раҳбари Елена Ремикович ҳамда Босния ва Герсеговина Федерал давлатининг Молия ва ғазналик вазирлиги Ички аудит бўлинмаси раҳбари Амела Никшичлар иштирок этди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан Давлат бюджети сиёсати департаментининг Давлат органлари ички аудит тузилмалари фаолиятини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари қатнашди.
Мазкур онлайн семинарда янгиланган халқаро ички аудит стандартларининг “аудит тадбирларини самарали режалаштириш” ҳамда “аудит тадбирларини ўтказиш” қисмлари тақдимотлар асосида атрофлича муҳокама қилинди.
Экспертлар ва амалиётчилар томонидан ўтказилган тақдимотларда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларининг жорий этилиши, шу жумладан, янги турдаги хавфларнинг пайдо бўлиши ва тартиб-таомилларнинг такомиллашиши шароитида ички аудиторлар ўзларининг асосий функцияларини янада ривожлантиришлари ҳамда янгиликларга мослашишлари муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида ички аудит функциясини янгиланган халқаро стандартларга мослаштириш мақсадида тегишли норматив ҳужжатларга зарур ўзгартиришларни амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди.
Бу ўз навбатида, ички аудит хизматлари фаолиятининг халқаро стандартларга мувофиқ бўлишини, юзага келадиган хавфларнинг самарали бартараф этилишини ҳамда таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш имкониятини янада оширади.
Семинарда PEMPAL Ички аудит ҳамжамияти экспертлари томонидан янгиланган халқаро ички аудит стандартларини давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига жорий этилишининг илғор амалиётлари тўғрисида маълумотлар берилди. Иштирокчилар ўртасида юзага келган саволлар муҳокама қилинди ҳамда мавзуга доир таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Бу каби семинарлар Ўзбекистонда давлат органлари ва ташкилотлари ички аудит тузилмалари фаолияти самарадорлиги ҳамда натижадорлигини янада ошириш, халқаро миқёсидаги илғор амалиётларга мувофиқлаштириш имконини беради.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати

