Жаҳон банки вакиллари билан “яшил” иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик дастурларини муҳокама қилиш бўйича учрашув ўтказилди
2024-12-13 19:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда Жаҳон банкининг Энергетика бўйича катта мутахассиси Ирина Воитеховитч, Жаҳон банкининг консультантлари Бҳаттачаржи Канти ва Талгат Худайбергенов ҳамда вазирликнинг Яшил иқтисодиётга ўтиш ва ривожлантиришни мувофиқлаштириш бошқармаси ва Давлат қарзи департаменти вакиллари иштирок этди.
Учрашувда томонлар Марказлашган иситиш тизимининг энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаси ҳамда Ўзбекистонда қуёш панелларини молиялаштириш дастурини қўллаб-қувватлаш бўйича техник кўмак миссияси доирасида амалга оширилган ишлар, хусусан, 2050 йилгача Ўзбекистоннинг иситиш соҳасини иссиқхона газларини камайтириш орқали декарбонизация қилишга қаратилган техник-иқтисодий баҳолаш, бинолар ва иншоотлар ички инфратузилмасини ўрганиш ишларини муҳокама қилди.
Жаҳон банки вакиллари томонидан маҳаллий иситиш компаниялари томонидан янги ўрнатилган ускуналарнинг ишлаши учун тайёргарлик даражаси ва малакали кадрлар мавжудлиги баҳолаш лойиҳа муваффақияти ва барқарорлигини таъминлаш учун муҳимлиги таъкидланди.
Муҳокамалар жараёнида барқарор иситиш ва совутиш имкониятлари бўйича дастлабки натижалар кўриб чиқилди. Мақсад – Ўзбекистоннинг иситиш соҳасини декарбонизация қилиш учун узоқ муддатли амалий ва барқарор стратегияларни ишлаб чиқишдир. Ушбу стратегиялар иссиқхона газлари эмиссиясини камайтиришга ва бутун мамлакат бўйлаб тоза, индивидуал иситиш ечимларини тарғиб қилишга қаратилган.
Учрашув сўнгида, томонлар мазкур лойиҳалар бўйича ҳамкорлик ишларини жадаллаштиришга келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати


