Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича Халқаро валюта жамғармаси билан ҳамкорликда семинар ўтказилмоқда
2024-12-03 19:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Мазкур семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, сенатор ва депутатлар, тегишли мутасадди вазирлик ва идоралар, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Пенсия жамғармаси вакиллари, ўқув ва илмий тадқиқот муассасалари, нодавлат ва нотижорат ташкилотлар, халқаро молия ташкилотлари экспертлари, хорижий ҳамкор давлатлар вакиллари иштирок этмоқда.
Семинарни Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов очиб берди ва Пенсия таъминотидаги мавжуд муаммоларни таҳлил қилган ҳолда уларни бартараф этиш ҳамда амалдаги тизимни янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги 600–сон Қарори қабул қилинганлигини айтиб ўтди.
Қарорга мувофиқ, Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тасдиқланганлигини ҳамда Ишчи гуруҳга:
вазирлик ва идоралар, илмий ва таълим ташкилотлари, халқаро ташкилотлар мутахассисларини, шунингдек, маҳаллий ҳамда хорижий эксперт ва маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда илғор хорижий тажриба асосида пенсия таъминоти тизимининг барқарорлигини таъминлаш
ва ижтимоий адолатни мустаҳкамлашга қаратилган таклифларни тайёрлаш;
асослантирилган таклифларга мувофиқ 2025 йил 1 мартга қадар Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш вазифаси белгиланганлигини таъкидлади.
Семинарнинг биринчи кунида Халқаро валюта жамғармаси маслаҳатчиси Кристоф Фройденберг пенсия таъминоти тизимида фуқаролар қамровини ошириш, уларни муносиб пенсия билан таъминлаш, пенсия тайинлаш учун мурожаат қилишда инсон омилини камайтириш бўйича ўз тавсияларини берди.
Шунингдек, Жаҳон банкининг пенсия таъминоти бўйича эксперти Чаба Фехэр томонидан кўп босқичли пенсия тизимлари, пенсия таъминотидаги мавжуд муаммоларни таҳлил қилган ҳолда уларни бартараф этиш ҳамда амалдаги тизимни янада такомиллаштириш йўллари ҳамда пенсия ислоҳотларини амалга оширган давлатларнинг илғор тажрибалари асосида ўз тавсияларини бериб ўтди.
Халқаро меҳнат ташкилоти эксперти Паскал Анник ва Осиё тараққиёт банки эксперти Майкл Коен фуқароларнинг меҳнат фаолиятини расмийлаштириш аҳолининг демографик кўрсаткичларини ҳамда Пенсия жамғармасининг даромадлар ва харажатлари фуқароларнинг муносиб пенсия билан таъминлашга боғлиқлигини ҳамда концепция лойиҳасини ишлаб чиқишда ушбу кўрсаткичларга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаб ўтди.
Семинардан қуйидаги асосий мақсадлар кўзланган:
- халқаро молия ташкилотлари, илғор ҳамкор давлатлар ва маҳаллий экспертлар билан биргаликда пенсия таъминоти тизимидаги муаммо ва имкониятларни муҳокама қилиш. Бу жараёнда илғор тажрибаларни ўрганиш, янги ғояларни шакллантириш ва турли мамлакатлардан олинган самарали усулларни таҳлил қилиш орқали, пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилишдаги энг яхши амалиётларни аниқлаш;
- Ўзбекистоннинг пенсия таъминоти тизимини глобал стандартларга мувофиқлаштириш, иқтисодий ва ижтимоий устуворликларни инобатга олган ҳолда молиявий барқарорликни таъминлаш ва ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш масалаларида янги имкониятлар яратилади;
- давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш бўйича умумий стратегияларни белгилаш ва уларни амалга ошириш учун зарур бўлган механизмларни муҳокама қилиш. Бу мақсадда фуқароларни ижтимоий ҳимояни кучайтириш, кексаликда камбағалликни қисқартириш учун комплекс ёндашувларни шакллантириш назарда тутилади.
Ушбу семинар Ўзбекистон пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилишда муҳим ўрин тутади ҳамда тажриба алмашиш учун платформа вазифасини бажаради.
Мазкур семинар ўз ишини давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 мартга қадар Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш вазифаси белгиланган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати





