«Яшил» иқтисодиётнинг муҳим йўналишларига бағишланган семинар бўлиб ўтди
2023-09-20 10:25:00 / Вазирлик янгиликлари

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги БМТнинг Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилоти билан ҳамкорликда “Иқлимга мослаштирилган қишлоқ хўжалигини молиялаштириш механизмларини жорий этиш ва илгари суриш” ҳамда «яшил» иқтисодиётга оид маълумотларни йиғиш ва улардан фойдаланиш мавзусида семинар ташкил қилди.
Мазкур тадбирда вазирлик ва идораларнинг малакали мутахассислари ҳамда республикадаги маҳаллий банкларнинг «яшил» иқтисодиёт ва «яшил» молиялаш бўйича масъуллари иштирок этишди.
Семинардан кўзланган мақсад – вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий банклар ходимларининг «яшил» иқтисодиёт ва «яшил» молиялашга доир маълумотлардан ҳамда иқлимга мослаштирилган қишлоқ хўжалигини молиялаштириш механизмларидан самарали фойдаланишни ўргатиш.
Маълумот учун: «яшил» молиялаштириш глобал миқёсда 15 йилдан буён ривожланиб келмоқда ва барқарор ривожланиш мақсадлари, хусусан, арзон ва тоза энергия, шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг барқарорлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга эришишга хизмат қилмоқда.
Семинар давомида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, БМТнинг Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилоти, Марказий банк, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг масъул мутахассислари томонидан семинар мавзусига доир тақдимотлар ўтказилди.
Семинар сўнгида қатнашчилар томонидан «яшил» молиялаштиришга доир савол-жавоблар, давра суҳбатлари ташкил қилинди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси




