Япониянинг “Hanwa Co. LTD” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2023-09-21 09:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги биносида Япониянинг “Hanwa Co. LTD” компанияси вакиллари ҳамда вазирликнинг «Яшил» ва билим иқтисодиёти, инновацион технологиялар жорий этилишини қўллаб-қувватлаш бошқармаси мутахассисалари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Бундан мақсад – Ўзбекистон ва Япония ўртасида 2022 йил имзоланган келишув доирасида республикада Қўшма молиялаш механизми (Joint Credit Mechanism – JCM)ни жорий этишда ҳамкорлик қилиш.
Маълумот учун: Қўшма молиялаштириш механизми JCM – Япониянинг ривожланаётган мамлакатларда замонавий технологияларнинг 50% гача қисмини қоплаб бериш асосида жорий қилиш орқали иссиқхона гази эмиссиясини камайтириш бўйича ҳамкорлик тизими.
Муҳокамада “Hanwa Co. LTD” компаниясининг Энергетика бошқармаси раҳбари Фукузава Даигоро, инвестисия масалалари бўйича мутахассиси Отагшуро Акира, Мехмонов Фаррух, “Ernst & Young ShinNihon” компаниясининг Ўрта Осиё мамлакатлари бўйича мутахассиси ҳамда вазирликнинг «Яшил» иқтисодиётни ривожлантириш бошқармаси масъул ходимлари иштирок этишди.
Шунингдек, JCM механизми доирасида Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида жойлашган иккита тиббиёт муассасасида қуёш панелларини ўрнатиш ҳамда иситиш тизимида биоёқилғидан фойдаланишга ўтказиш натижасида иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш лойиҳасини амалга ошириш муҳокама қилинди.
Учрашув давомида “Hanwa Co. LTD” вакиллари томонидан вазирлик мутахассисларига Яккабоғ туманида жойлашган иккита тиббиёт муассасаси учун таклиф этилаётган лойиҳаларнинг техник вазифалари, унинг афзалликлари ва кутилаётган натижалар тўғрисида тақдимот қилинди.
Якунда томонлар республикада Қўшма молиялаштириш механизми доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларни жорий қилишда ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси

