Иқтисодиёт ва молия вазирлиги жамоаси футбол бўйича анъанавий “Ҳукумат кубоги–2024” мусобақасида иштирок этиб, фахрли 3-ўринни эгаллади
2024-11-09 17:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Ушбу мусобақа 40 га яқин вазирликлар ва ташкилотлар ўртасида ўтказилди. Унга кўра, 34 та жамоа 8 та гуруҳга бўлинган ҳолда 3 ноябрдан гуруҳ ўйинларини ўтказишни бошлашди.
Жумладан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги қуръа натижаларига кўра “И” гуруҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя агентлиги, Миллий паралимпия қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги билан бир гуруҳдан ўрин олди.
Вазирлигимиз жамоаси мусобақани 3 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя агентлигига қарши ўйин билан бошлади ва йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Гуруҳдаги иккинчи ва учинчи ўйинларда Ички ишлар вазирлиги ва Миллий паралимпия қўмитаси жамоалари устидан зафар қучди.
Шу билан вазирлик жамоаси гуруҳдан 7 очко жамғарган ҳолда тўплар нисбатига кўра иккинчи ўринни қайд этиб, мусобақанинг плей-офф босқичига йўл олди.
Плей-офф босқичидаги биринчи рақиб Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига қарши ўйин 6 ноябрь куни ўтказилди, мазкур ўйинда жамоамиз 4:1 ҳисобида ғалаба қозондилар. Мусобақанинг 5 куни (7 ноябрь) чорак финалда жамоамиз Энергетика вазирлигига қарши майдонга тушдилар. Баҳсларга бой ўтган ўйинда жамоамиз 5:2 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олдилар.
Ярим финал ўйинида жамоамизни Ўзбекистон футбол ассоциациясига қарши қизиқарли ўйин кутарди. 8 ноябрь куни ўтказилган ярим финал учрашуви, афсуски, 0:2 ҳисобида жамоамизнинг мағлубияти билан якунланди.
Жамоамиз 9 ноябрь куни “ЖАР” спорт соғломлаштириш марказига қарашли футбол стадионида 3-ўрин учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика қўмитасига қарши майдонга тушиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган ҳолда 3-ўринга эгалик қилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати









