“Sojitz Corporation” делегацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2024-11-08 11:05:00 / Вазирлик янгиликлари

Маълумот учун, Sojitz Corporation — Япониянинг йирик савдо-инвестиция компанияси бўлиб, дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатида ваколатхоналарга эга. Компания энергетика, инфратузилма, транспорт, кўчмас мулк ва кимё саноати каби турли соҳаларда фаолият юритади.
Учрашувда Яқин Шарқ ва Африка минтақасидаги минтақавий бош менежер Чизуо Ватанабе, Яқин Шарқ ва Африка минтақасидаги инфратузилма бўлими менежери ўринбосари Жойстон Далмейда ва компаниянинг бошқа вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш департаменти директори Илҳомжон Умрзаков ва бошқа масъул шахслар иштирок этди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда энергетика, транспорт ва сув инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар ушбу соҳаларда илғор технологияларни жорий этиш йўлларини муҳокама қилдилар ва ДХШ асосида инфратузилма ташаббусларини амалга ошириш учун инвестициялар жалб қилиш истиқболларини ўргандилар.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон инфратузилмасининг барқарор ривожланишига хизмат қиладиган ДХШ асосидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келгусидаги ҳамкорликка тайёрликларини билдирдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати


