Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикас
2024-11-07 13:50:00 / Вазирлик янгиликлари
Қонун лойиҳаси Солиқ кодексининг амалдаги 37 та моддасига ва Бюджет кодексининг 1 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчаларни киритишни назарда тутувчи 5 та моддадан иборат.
1. Солиқ кодексининг 133 ва 261-моддаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали товарлар (хизматлар) экспортида қўшилган қиймат солиғини қайтариш учун божхона органларининг экспортни тасдиқловчи электрон маълумоти асос бўлиши белгиланмоқда.
Амалда тадбиркорлар чегарадаги божхона органлари муҳри қўйилган ҳужжатларни солиқ органларига тақдим этиши талаби мавжуд.
2. Солиқ кодексининг 243 ва 256-моддаларга ўзгартиришлар киритиш орқали 2025 йил 1 январдан бошлаб:
а) қўшилган қиймат занжири узлуксизлигини таъминлаш мақсадида қўшилган қиймат солиғи бўйича қуйидаги солиқ имтиёзлари бекор қилинмоқда:
– ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар томонидан товарларни реализация қилиш бўйича айланма;
– йўловчиларни ягона тарифлар бўйича ташиш хизматларини кўрсатиш бўйича айланма.
б) давлат мулкини шу жумладан мулк ҳуқуқи асосида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини реализация қилиш бўйича айланмани қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш белгиланмоқда.
3. давлат мулкини шу жумладан мулк ҳуқуқи асосида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини реализация қилиш бўйича айланмани қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш белгиланмоқда.
4. Жаҳон савдо ташкилотининг республикада ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинган товарларга акциз солиғи ставкасининг бир хил бўлиши лозимлиги талабидан келиб чиқиб, Солиқ кодексининг 2891 ва 2892-моддаларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:
1) тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғи ставкалари тенглаштирилмоқда. Хусусан, фильтрли, фильтрсиз сигареталар, папирослар, сигариллалар (сигареталар), биди, кретек учун акциз солиғи ставкасининг адвалор қисми (10%) бекор қилинмоқда ҳамда 1 000 донаси учун:
а) 2025 йил 1 январдан:
– республикада ишлаб чиқариладиган сигареталарга 300 минг сўм;
– импорт қилинганларга 330 минг сўм миқдорида;
б) 2025 йил 1 июлдан эса республикада ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинганга акциз солиғи ставкасини тенглаштирган ҳолда акциз солиғи ставкасини 340 минг сўм миқдорида белгилаш кўзда тутилмоқда.
Бошқа тамаки маҳсулотларига (чилим учун тамаки, чекиладиган, ўрама тамаки, таркибида никотин мавжуд бўлган суюқлик ва бошқалар) акциз солиғи ставкалари ҳам оширилмоқда.
2) 2025 йил 1 январдан бошлаб республикада ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинган этил спирти учун акциз солиғи ставкаси тенглаштирилиб, 1 литри учун 15 минг сўм этиб белгиланмоқда;
– дон дистиллятига нисбатан этил спиртига белгиланган ставкада акциз солиғига тортиш назарда тутилмоқда. Шунингдек, техник этил спиртини ишлаб чиқаришда фойдаланилган этил спиртининг бошланғич фракциясига акциз солиғи қўлламаслик кўзда тутилмоқда.
3) ароқ, коньяк ва бошқа алкоголь маҳсулотлари учун акциз солиғи ставкалари республикада ишлаб чиқариладиган алкоголь маҳсулотларига индексация қилиниб, импорт қилинганга пасайтирилмоқда. Жумладан:
а) 2025 йил 1 январдан:
– республикада ишлаб чиқариладиган алкоголь маҳсулотларга акциз солиғи ставкасини 10 фоизга индексация қилиб, 1 литр учун 44 минг сўм;
– импорт қилинган алкоголь маҳсулотлари учун солиқ ставкаси
пасайтирилиб, 1 литр учун 76 минг сўм (амалда 101,5 минг сўм) миқдорида белгиланмоқда;
б) республикада ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинган табиий вино, бошқа винолар шу жумладан вермут, пиволарга акциз солиғи ставкалари ҳам ишлаб чиқаришда ошириш ва импорт қилинганга пасайтириш орқали босқичма-босқич тенглаштириш назарда тутилмоқда.
5. Нефть маҳсулотлари ва бошқа акциз тўланадиган товарлар бўйича акциз солиғи ставкалари ўзгартирилиши муносабати билан Солиқ кодексининг 2893-моддасига қуйидагича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда:
а) 2025 йил 1 апрелдан бошлаб нефть маҳсулотларига (бензин, дизель ёқилғиси, авиакеросин, мотор мойи), шунингдек, бензинни, дизель ёқилғисини ва газни якуний истеъмолчиларга реализация қилишда акциз солиғи ставкалари 10 фоизга индексация қилинмоқда;
б) республикада қазиб олинган табиий газни реализация қилишдаги қўлланиладиган акциз солиғи ставкаси 20 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилган ҳолда импорт қилинган табиий газни истеъмолчига реализация қилишда худди шу каби 12 фоизлик акциз солиғи ставкасини ўрнатиш назарда тутилмоқда;
в) 2025 йил 1 апрелдан бошлаб:
– таркибида шакар мавжуд бўлган газланмаган салқин чойлар, мева шарбатлари, саноат усулида ишлаб чиқарилган компотларнинг ва бошқа газланмаган шакарли ичимликларнинг 1 литри учун ҳам 500 сўм миқдорида акциз солиғи жорий этилмоқда;
Бунда мева ва сабзавотлардан тайёрланган, табиий ширин (таркибида фруктоза, глюкоза бўлган) бўлган ва қўшимча шакар қўшилмаган шарбатлар учун акциз солиғи қўлланилмайди.
– таркибида шакар мавжуд бўлмаган, ширинлаштирувчи ёки хушбўйлаштирувчи моддалар мавжуд бўлган газланган ичимликларнинг 1 литри учун акциз солиғи ставкаси 500 сўмдан 300 сўмгача пасайтириш назарда тутилмоқда. Шунингдек, газланмаган худди шундай ичимликларга ҳам 1 литри учун 300 сўм миқдорида акциз солиғи ставкаси жорий этилмоқда.
6. Солиқ кодексининг 337 ва 467-моддаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали 2025 йил 1 январдан:
а) Жаҳон савдо ташкилоти талабларидан келиб чиқиб, товарларни (хизматларни) экспорт қилишдан олинадиган даромадларга фойда солиғи бўйича ноль даражали ставка ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базасига киритилмаслик нормалари бекор қилинмоқда;
б) электрон тижорат соҳасидаги тадбиркорларга фойда солиғи ставкаси 10 фоиз (амалда 7,5 фоиз) ва айланмадан олинадиган солиқ – 3 фоиз (амалда 2 фоиз) миқдорида белгиланмоқда.
7. Солиқ кодексининг 383, 385 ва 408-моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали якка тадбиркорлар учун 2025 йил 1 январдан бошлаб:
а) якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган ставкалари 10 фоизга индексация қилинмоқда ҳамда фаолият тури ва жойлашган ҳудудига қараб энг кам ва энг юқори ставкалари (диапазон) белгиланмоқда;
бунда, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳари халқ депутатлари Кенгашларига (амалда туман (шаҳар) Кенгашлари коэффициент белгилаши мумкин) ставкаларни ҳудудларнинг иқтисодий ривожланиш даражаси бўйича белгилаш ваколати берилмоқда.
б) жами йиллик даромади 100 млн сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорларнинг ходимлари учун умумий тартибдаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (12%) ёки жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг якка тартибдаги тадбиркор учун ўрнатилган қатъий белгиланган ставкасининг 50 фоизи миқдорида солиқ тўлаш (ихтиёрий тарзда) ҳуқуқи берилмоқда.
в) бозор ва савдо комплексларида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорларнинг ходимлари учун ижтимоий солиқнинг ставкаси йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 бараваридан (2,2 миллион сўм) базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваригача (375 минг сўм) пасайтирилмоқда.
8. Меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида (375 минг сўм) ижтимоий солиқ тўловчи шахслар (ўзини ўзи банд қилган шахслар, деҳқон хўжалигининг аъзолари, “Уста-шогирд” мактаблари ўқувчилари ва бошқалар) учун ушбу солиқни тўлашнинг сўнгги муддати ҳисобот йилининг 1 декабридан 31 декабрига ўтказилмоқда. Шундан келиб чиқиб, Солиқ кодексининг 408-моддасига ўзгартириш киритилмоқда.
9. Солиқ кодексининг 266, 269, 343, 470 ва 4701-моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали, 2025 йил 1 январдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқнинг қатъий белгиланган ставкалари товар айланмаси 500 миллион сўмгача бўлган тадбиркорлар учун йилига 30 миллион сўм, 500 миллион сўмдан юқори бўлганда – 40 миллион сўм миқдорида белгиланмоқда. Бунда ушбу солиқ режимининг амал қилиш муддати 2026 йил 1 январ қилиб белгиланмоқда.
10. Юридик ва жисмоний шахсларнинг нотурар объектлари бўйича мол-мулк солиғининг асосий ставкасини 1,5 фоиз миқдорида сақлаб қолган ҳолда, солиқ базасини аниқлашдаги 1 кв.м учун ўрнатилган минимал қиймат қуйидагича белгиланмоқда:
Тошкент шаҳри учун – 3,3 миллион сўм (амалда 3 миллион сўм), Нукус шаҳри ва вилоят марказлари учун – 2,2 миллион сўм (амалда 2 миллион сўм), бошқа жойлар учун – 1,3 миллион сўм (амалда 1,2 миллион сўм).
Шундан келиб чиқиб, Солиқ кодексининг 412-моддасига ўзгартиришлар киритилмоқда.
11. Солиқ кодексининг 415-моддасига ўзгаришлар киритиш орқали юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг 0,6 фоиз миқдоридаги пасайтирилган ставкаси 10 фоизга индексация қилинган ҳолда 0,65 фоиз этиб белгиланмоқда.
Солиқнинг пасайтирилган ставкаси умумий фойдаланишдаги темир йўллар, магистраль қувурлар, алоқа ва электр узатиш линиялари, шунингдек мазкур объектларнинг ажралмас технологик қисми бўлган иншоотлар, консервация қилиниши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган кўчмас мулк ва тугалланмаган қурилиш объектлари учун қўлланилади.
12. Солиқ кодексининг 422-моддасига ўзгартиришлар киритиш орқали жисмоний шахсларнинг турар жой объектлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ставкалари 10 фоизга индексация қилинган ҳолда қуйидагича белгиланмоқда:
а) республика бўйича жойлашган, умумий майдони 200 кв.метргача бўлган уй-жойлар ва квартиралар, дала ҳовли иморатлари учун – 0,34 фоиз;
б) шаҳарларда жойлашган, уй-жойлар ва квартиралар, дала ҳовли иморатлари учун:
– 200 кв.м дан ортиқ ва 500 кв.м гача бўлганлар учун – 0,45 фоиз;
– 500 кв.м дан ортиқ бўлганлар учун – 0,6 фоиз.
в) бошқа аҳоли пунктларида жойлашган, умумий майдони 200 кв.метрдан ортиқ бўлган уй-жойлар ва квартиралар, дала ҳовли иморатлари учун – 0,45 фоиз этиб белгиланмоқда.
13. Солиқ кодексининг 428-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали, 2025 йил 1 январдан бошлаб янги барпо этилган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар учун юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича имтиёзни бекор қилган ҳолда, солиқ ставкасини 50 фоизга камайтириш тарзида имтиёз берилмоқда.
Бунда, имтиёзли муддат 5 йил сифатида сақлаб қолинади ва ваколатли орган томонидан иқтисодий жиҳатдан самарасиз ва кам ҳосилли деб топилган боғ, токзорларга нисбатан ер солиғи 3 бараварга оширилган ҳолда ҳисобланади.
14. Маҳаллий бюджетлар даромадлари барқарорлигини ва бюджетнинг умумий даромадларида ер солиғи улушини сақлаб қолиш мақсадида Солиқ кодексининг 429 ва 437-моддаларига ўзгартириш киритиш орқали юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари ўртача 10 фоизга индексация қилинмоқда.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сақлашга мўлжалланган бино ва иншоотлар жойлашган ерларга нисбатан юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ҳисоблаш ноқишлоқ ерлар учун белгиланган ставкага 0,2 коэффициент қўллаган ҳолда амалга оширилиши белгиланмоқда.
15. Сув ресурсларидан самарали фойдаланишни рағбатлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар учун сув солиғи юки ошиб кетишининг олдини олиш ҳамда ушбу солиқ тушумлари тўлиқ маҳаллий бюджет даромадларига йўналтирилишини инобатга олиб, Солиқ кодексининг 445-моддасига қуйидаги ўзгаришлар киритилмоқда:
– саноат корхоналари, электр станциялари ҳамда алкоголсиз ва алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун ўртача 10 фоизга индексация қилинмоқда;
– бошқа тармоқлардаги корхоналар учун сув солиғи ставкалари саноат корхоналарига белгиланган ставкага тенглаштирилиб, 1 куб. метр учун ер усти – 700 сўм (амалда 345 сўм) ва ер ости – 850 сўм (415 сўм) этиб белгиланмоқда;
– сувсувни тежаб ишлатишни рағбатлантириш, хусусан сувни исроф қилишни камайтириш мақсадида автомобилларни ювишда фойдаланиладиган сувнинг 1 куб. метри (1 000 литр) учун солиқ 15 минг сўм (1 литр учун 15 сўм) этиб белгиланмоқда;
– сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкасига 0,5 камайтирувчи коэффициент қўлланилган ҳолда мазкур технологияларнинг биттаси жорий этилганда эса 0,7 камайтирувчи коэффициент қўлланилган ҳолда тўланиши назарда тутилмоқда;
– сувни тежайдиган технологиялар умуман жорий қилинмаганда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкасига 1,1 оширувчи коэффициент қўлланилган ҳолда тўланиши кўзда тутилган.
– балиқчилик учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкасига 0,7 камайтирувчи коэффициент қўлланилган ҳолда тўланиши белгиланмоқда;
Шунингдек, туманлар (шаҳарлар) маҳаллий кенгашларига сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкасига 0,7 гача камайтирувчи ва 1,5 гача оширувчи коэффициент қўллаш (қишлоқ хўжалиги, электр станциялари, коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари ва рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланадиган йирик солиқ тўловчилар бундан мустасно) ваколати берилмоқда.
16. Норуда қурилиш материалларининг ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ юзасидан Солиқ кодексининг 452 -моддасига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:
а) солиқнинг 5 фоизлик адвалор ставкасини сақлаб қолган ҳолда 1 куб. метр учун қуйидагича ставкалар ўрнатилмоқда:
– мармар учун – 20 000 сўм;
– гранит учун – 30 000 сўм;
– табиий безактош учун – 30 000 сўм;
б) қум шағал аралашмаси (шу жумладан, қурилиш қуми ва қумтошлар) учун 5 фоизлик адвалор ставкани бекор қилган ҳолда қатъий белгиланган солиқ ставкаси 1 куб. метри учун 5 000 сўм этиб белгиланмоқда.
Бундан ташқари, кон-кимё хом ашёси ҳамда қолган норуда қурилиш материаллари гуруҳдаги фойдали қазилмалар учун белгиланган қатъий белгиланган ставкалар 10 фоизга индексация қилинмоқда.
Бунда, халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари норуда қурилиш материаллари учун (цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган оҳактош ташқари) қатъий белгиланган ставкаларга 1,3 баробаргача оширувчи коэффициент белгилаш ваколати берилмоқда.
17. Аҳолига қўшимча имтиёзлар бериш, ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва инвестицион муҳитни яхшилаш бўйича Солиқ кодексининг 483-моддасига қуйидагиларни назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда:
а) 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар ишга қабул қилинган камбағал оилалар аъзолари (иш ҳақи камида 1,7 миллион сўмни ташкил қилганда) учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланмоқда;
б) 2024 йил 1 сентябрдан 2027 йил 1 сентябрга қадар мактаб, коллеж ва техникум ўқувчиларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда ижтимоий солиқ 1 фоиз миқдорида тўланиши белгиланмоқда;
в) 2028 йил 1 январга қадар магистрал йўллар бўйида кўчма савдони ташкил қилган ёшлар (30 ёшгача) фаолиятининг дастлабки 6 ойи давомида солиқларни тўлашдан озод этилмоқда;
г) нашриёт-матбаа фаолиятидан олинган даромадлари ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг камида 90 фоизини ташкил этган солиқ тўловчилар 2025 йил 1 январдан 2029 йил 1 январга қадар бўлган даврда мазкур фаолият тури бўйича фойда солиғини (бундан фоизлар тарзидаги даромадлар мустасно) тўлашдан озод этилмоқда.
д) IT парк резидентларига ҚҚС ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан ташқари барча солиқларни тўлашдан озод этиш тарзидаги имтиёзлар 2040 йил 1 январга қадар (амалда 2028 йил 1 январгача) узайтирилмоқда;
мазкур имтиёз экспорт ҳажми 50 фоиздан ортиқ бўлган ҳамда 18 ёшдан ошган битирувчиларининг 50 фоиздан ортиқ қисми экспортчи корхоналарга ишга жойлашган IT таълим хизматини кўрсатувчи юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилади.
е) 2025 йил 1 февралдан 2040 йил 1 январга қадар экспорт ҳажми 50 фоиздан ортиқ бўлган IT парк резидентларининг таъсисчиларига дивиденд солиғи 5 фоиз (амалда 10 фоиз) этиб белгиланмоқда;
ж) 2025 йил 1 февралдан 2030 йил 1 январга қадар экспорт ҳажми йилига 10 миллион АҚШ долларидан ошган IT парк резидентларига хизмат кўрсатган норезидентлар фойда солиғидан озод этилмоқда.
18. 2025 йил 1 январдан бошлаб йил давомида солиқ ва божхона имтиёзларини бериш ва бекор қилиш ёки бошқа ажратмалар ставкаларини камайтириш ва оширишни назарда тутувчи нормаларни кейинги йилдан бошлаб амалга киритиш тартиби ўрнатилмоқда. Шундан келиб чиқиб, Бюджет кодексининг 143-моддасига қўшимча киритилмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати
